Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳўрмуз бўғози: АҚШ 70 та кемага йўл очиб берган
Сўнгги уч ҳафта давомида АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон томонидан чекланаётган Ҳўрмуз бўғози орқали тахминан 70 та тижорат кемасининг ўтишига ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда The New York Times нашри америкалик мансабдорларга таяниб хабар қилди.
Фото: Stringer/REUTERS
Нашр манбаларига кўра, мазкур кемаларнинг аксарияти бўғоздан транспондерларини ўчирган ҳолда ҳаракатланган. Шу билан бирга, мансабдорлар хавфсизлик нуқтаи назаридан операциялар ўтказилган вақт ва аниқ маршрутларни ошкор қилмаган.
Уларнинг таъкидлашича, камида бир ҳолатда кема Эрон соҳилларидан анча узоқдаги йўналиш бўйлаб ҳаракатланган. Бунга сабаб, рухсатсиз равишда Эрон соҳиллари яқинидан ўтишга уринган кемаларга ҳужум қилиниши эҳтимоли жуда юқори экани билан изоҳланади.
Шу билан бирга, АҚШ ёрдамида Ҳўрмуз бўғозидан ўтган кемалар сони можаро бошланишидан олдинги кўрсаткичлар билан таққосланганда анча кам. Уруш бошланишидан аввал мазкур бўғоз орқали ҳар куни 100 дан ортиқ тижорат кемаси ҳаракатланган бўлса, ҳозирда CENTCOM маълумотларига кўра, бу рақам кунига тахминан учтани ташкил этмоқда.
Нашрнинг ёзишича, АҚШнинг бу турдаги ёрдами денгиз ташувлари соҳасида маълум бўлса-да, Вашингтон бу ҳақда кенг жамоатчиликка маълум қилишдан қочмоқда. Бу эса кемаларга қарши эҳтимолий Эрон ҳужумларининг олдини олиш мақсадида қилинмоқда.
Бундан ташқари, май ойи бошида АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини таъминлашга қаратилган “Озодлик лойиҳаси” операциясини вақтинча тўхтатган. Шундан кейин CENTCOM кемаларни бўғоздан ўтишга рағбатлантирган, аммо уларни ҳарбий-денгиз кучлари орқали кузатиб бормаган.
Денгиз статистикаси соҳасига ихтисослашган Kpler компанияси маълумотларига кўра, 1 мартдан 19 майгача Ҳўрмуз бўғози орқали амалга оширилган 895 та ўтиш ҳолатининг ярмидан кўпроғи Эрон ҳукумати билан келишилган маршрутлар ҳиссасига тўғри келган. Қарийб 40 фоиз кема эса транспондерларини ўчирган ҳолда ёки йўналишини ошкор қилмасдан ҳаракатланган.
Ҳўрмуз бўғози атрофидаги блокада апрель ойидан буён давом этмоқда. Теҳрон кема эгаларидан ўтишни камида мувофиқлаштиришни талаб қилмоқда, Вашингтон эса танкерларнинг Эрон портларига киришини чеклаган.
Шу билан бирга, Axios портали май ойи охирида АҚШ ва Эрон музокарачилари урушни тартибга солиш бўйича дастлабки келишувга яқинлашганини хабар қилди. Бироқ Дональд Трамп ҳали бу келишувни қўллаб-қувватламаган.
ОАВ маълумотларига кўра, АҚШ президенти Теҳрон ядровий қурол яратиш режаларидан воз кечган тақдирдагина битимни маъқуллаши мумкин.
Эрон раҳбарияти эса Вашингтон билан урушни тўхтатиш бўйича якуний келишувга ҳали эришилмаганини маълум қилган.