Жаҳон | 21:04
1344
9 дақиқада ўқилади

Нима олдин тугайди – нефт ёки уруш? Эрон Трампни тинчликка қандай мажбурламоқда?

Фото: Reuters

Доналд Трампда Эрон билан ярашиш ва уни Ҳўрмуз бўғозини очишга кўндириш учун вақт тобора камайиб бормоқда. Урушнинг дастлабки уч ойида дунё 1 миллиард баррелдан ортиқ нефтни йўқотди, фақат захиралар ва омад туфайли тақчилликни нисбатан оғриқсиз ўтказмоқда. Аммо хавфсизлик чегараси тезлик билан буғланиб бормоқда, иқтисодчилар ва халқаро ташкилотлар эса Ҳўрмуз қамали бекор қилинмайдиган бўлса, июл-август ойларида нефт нархи яна кўтарилади ва жаҳон иқтисодиёти таназзул ёқасига келиб қолиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ҳатто уруш дарҳол тугаб, Форс кўрфазида қамалиб қолган нефт, газ ва нефт маҳсулотлари жаҳон бозорига қайтса ҳам, дунё энди ҳеч қачон олдингидек бўлмайди. Етказиб беришни тиклаш ва бўшаган захираларни тўлдириш учун кўп ойлар кетади, келажакда эса истеъмолчилар ҳам, нефт ишлаб чиқарувчилар ҳам энергия савдоси эркинлиги кафолатланмаган янги реалликка мослашиш учун харажат қилишга мажбур бўлади.

Уруш туфайли нархлар бир баррел учун тахминан 60 доллардан 100 долларгача кўтарилди, аммо энг ёмон прогнозлар (бир баррел учун 200 доллар) рўй бермади.

Бунинг сабаби шундаки, урушдан олдин бозорда нефт кўп эди, Ҳўрмуз ёпилгандан сўнг эса Ғарб замонавий тарихдаги энг йирик стратегик нефт захиралари сотувини амалга оширди. Бундан ташқари, хусусий компаниялар ҳам бутун дунё бўйлаб захираларда етарли миқдорда хомашё ва нефт маҳсулотлари захираларига эгалиги маълум бўлди, дунёдаги энг йирик нефт харидори Хитой эса импортни кескин қисқартиришга муваффақ бўлди.

Аммо бу чораларнинг барчаси – вақтинчалик, дея огоҳлантиради Халқаро энергетика агентлиги (IEA) раҳбари Фотиҳ Бирол.

Захиралар камайиб бормоқда

«Жамғармангиз бўлса-ю, даромадингиз бўлмаса, албатта, сарфлашингиз мумкин, лекин пулнинг охири кўриниб қолади. Биз ҳозир тахминан шундай вазиятдамиз», – дейди у.

«Муаммо шундаки, июн ойи охири ва июл ойи бошларида анъанавий равишда нефт истеъмоли кўпаядиган таътил мавсуми бошланади. Захиралар камайиб бораётгани ва Форс кўрфазидан янги нефт келмаётгани сабабли, июл-август ойларида биз критик зонага тушиб қолишимиз мумкин», – дея давом этади у.

Ягона чиқиш йўли – бўғозни очиш, дея қўшимча қилган бой мамлакатлар томонидан айнан шундай ҳолатларда прогнозлар бериш ва энергетик инқирозлар ҳақида огоҳлантириш учун махсус ташкил этилган IEA раҳбари.

Теҳронда Трампнинг юзида Ҳўрмуз бўғози тасвирланган эълонлар тахтаси

Вазият шунчалик жиддийки, Бирол жума куни дунёдаги иқтисодий барқарорлик учун масъул бўлган яна учта халқаро ташкилот раҳбарлари билан биргаликда ваҳимали хабар билан чиқишга қарор қилди.

«Ҳўрмуз блокадаси туфайли нефт захиралари рекорд даражада камайиб бормоқда. Агар етказиб бериш тикланмаса, Шимолий ярим шарда ёзги талабнинг энг юқори чўққиси арафасида захираларнинг янада тез камайиши – энергия хавфсизлиги, бозорлар барқарорлиги ва умуман жаҳон иқтисодиётига таҳдид солади», – дейилади IEA, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Жаҳон савдо ташкилоти раҳбарлари қўшма баёнотида.

Нефт нега 200 долларга чиқмади?

Кичик Жорж Буш ва Барак Обама маъмуриятларининг собиқ маслаҳатчилари, Ҳарварддаги Меган О'Салливан ҳамда Колумбия университетидан Жейсон Бордоффнинг сўзларига кўра, Оқ уй жаҳон бозоридаги узилишлар вариантларини моделлаштирганда, Ҳўрмуз бўғози ёпилиши ҳар доим бир баррел учун нархлар 200 долларгача кўтарилишига ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида иқтисодиёт пасайишига олиб келиши прогноз қилинган.

Амалда эса иш бунчаликка бормади.

«Бу шунчаки вақтинчалик узилиш бўлиши мумкин, – деб ёзади улар. – Нефт захиралари бир неча ҳафтадан кейин тугайди ва агар бу вақтгача можаро тугамаса, нархлар кўтарилиши керак».

«Стратегик захираларни сотиш ҳам, бошқа шошилинч чоралар ҳам кунига деярли 15 миллион баррел нефт йўқотилишини ҳеч қачон қоплай олмайди».

Бундан ташқари, Оксфорд энергетика тадқиқотлари институти (OIES) ходими Пол Ҳорснеллнинг таъкидлашича, ҳукумат аралашуви келажакда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Унинг сўзларига кўра, интервенциялар – нефт, молиявий ва оғзаки интервенциялар – сохта умидлар беради ва товар нархи орқали талаб ва таклиф мувозанатини тиклашнинг бозор механизмини бузади.

«Агар ушбу босқичда талабни чеклашнинг бозор механизмлари тўлиқ ишга солинмаса, қачондир тузатиш киритиш вақти келганида, бу анча оғриқли бўлади», – деб огоҳлантиради у.

Нефт қачон тугайди?

Ҳозирги нефт шокининг кўлами мисли кўрилмаган даражада, дейди Пол Ҳорснелл. OIES ҳисоб-китобларига кўра, 1978–1979 йиллардаги инқирозда дунё 640 млн баррел, Форс кўрфазидаги биринчи урушда эса 420 млн баррел нефтдан маҳрум бўлган. Ҳозир эса бу миқдор 1,1 миллиард баррелдан ошди.

«Мен бу ҳеч қандай шок эмас, чунки бозор буни уддалади, қабилидаги даъволарни эшитдим. Ҳа, бозор буни уддалади – лекин захиралар сезиларли даражада камайиши ҳисобига. Жуда қисқа муддатда тақчилликни қоплаш учун етарли захиралар мавжудлиги бу шок эмаслигини англатмайди», – деди у.

Захиралар критик даражага етгач, бўғоз ёпиқ қолаётган шароитда талаб ва таклифни мувозанатлашнинг ягона йўли нархлар кескин кўтарилиши бўлади.

«Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, бу вақтгача кўпи билан уч ой, ҳозирги динамикани ҳисобга олсак, балки ундан ҳам камроқ вақт қолган», – дейди Пол Ҳорснелл.

Нефт соҳасига ихтисослашган Argus Media нашрининг бош иқтисодчиси Дэвид Файф унинг фикрига қўшилади.

«Июн ойига келиб Ҳўрмуз орқали транзит қисман тикланган тақдирда ҳам, етказиб беришнинг бундай кенг кўламли узилиши шароитида бозорни қайта мувозанатлаш юқори нархларни талаб қилади», – дея ёзади у.

«Захиралар рухсат этилган минимал даражага яқинлашган сари, нархлар талаб янада қисқаришини таъминлаш учун янада юқори кўтарилиши керак. Эски ҳақиқат шундан келиб чиқади: „юқори нархларга қарши энг ишончли восита – бу юқори нархлардир“».

Дунё энди олдингидек бўлмайди

Экспертлар огоҳлантиришича, жаҳон энергетика бозорининг урушдан олдинги модели барбод бўлган ва ҳеч қачон тикланмайди. Ҳатто можаро тугаганидан кейин ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам, истеъмолчилар ҳам ҳар доим кейинги узилишлар хавфини ҳисобга олади – ва захиралар тўплаш, айланма қувурлар, ўз ишлаб чиқариши ва иқтисодиётни қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтказиш учун маблағ сарфлайди.

«Саудия Арабистони энди ҳеч қачон Ҳўрмуз бўғози орқали экспорт қилиш имкониятини ўзига хос имконият сифатида қабул қилмайди. Худди шундай, Хитой ҳам Ҳўрмуз бўғози орқали импортни табиий ҳол деб ҳисоблашни тўхтатади», – дейди Кембриж университетининг энергетика бўйича мутахассиси Ҳелен Томпсон Bloomberg подкастида.

«Урушга йўқ» – Вашингтондаги протест

Янги реалликда жаҳон энергетикасида эркин бозорлар роли камаяди, давлатнинг роли эса ошади, деб ҳисоблайди Оқ уйнинг собиқ маслаҳатчилари Меган О'Салливан ва Жейсон Бордофф. Энергетика хавфсизлиги иқтисодий ва ташқи сиёсат марказига кўчади, деб ёзади улар. Бозорлар муҳим рол ўйнашда давом этади, аммо ҳукумат миллий ва иқтисодий хавфсизлик учун тез-тез ва қаттиқроқ аралашади.

«Хавф шундаки, хавфсизликка интилиш энергия тизимини қимматроқ ва самарасизроқ қилиб қўйиши мумкин, деб огоҳлантиради улар. – Бу, шунингдек, жаҳон иқтисодиётининг рақобатлашувчи блокларга бўлинишини тезлаштиради ва натижада энергия ресурслари савдоси нарх ва самарадорлик билан эмас, балки сиёсий иттифоқлар ва стратегик рақобат билан бошқарилади».

Глобаллашувнинг бундай ортга қайтиши АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумидан анча олдин бошланган. Асосий ҳаракатлантирувчи кучлар Америка ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршилик, Россиянинг Украинага қарши тажовузи ва Доналд Трампнинг бутун дунё, жумладан, АҚШнинг асосий иттифоқчилари билан савдо урушлари эди.

Натижада харажатлар глобал миқёсда ошиб бормоқда ва ҳатто дунёдаги энг йирик нефт ва газ ишлаб чиқарувчиси бўлган Америка ҳам шу йўналишда давом эта олмайди, деб ҳисоблайди америкалик иқтисодчи ва Нобел мукофоти лауреати Пол Кругман.

«Вақт бизнинг томонда эмас», – дея ёзган у ўз блогида.

«Дунёдаги стратегик нефт захиралари тугаши мумкин, бизнинг муҳим қурол-яроғ захираларимиз эса хавф остида. Иттифоқчилар ва Америка жамиятининг қўллаб-қувватлови йўқ. Буларнинг барчаси урушни имкон қадар тезроқ тугатиш кераклигини англатади».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид