Жаҳон | 18:08 / 01.06.2026
2881
4 дақиқада ўқилади

Трамп жамоаси Украина бўйича музокаралардан «чарчади» – ОАВ

Оқ уй раҳбари иккинчи муддати бошланишидан олдин Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатаман деб мақтанган эди. Аммо қасамёд қилганидан кейин ўн олти ой ўтгач, бу ҳақда камдан-кам эсламоқда.

Фото: Doug Mills/The New York Times

АҚШ президенти Доналд Трамп тезкор ҳарбий ва дипломатик ғалабаларни ёқтиради, бироқ ҳозир у халқаро майдонда боши берк кўчага кириб қолди, деб ёзди The New York Times.

Нашрнинг эслатишича, Трамп иккинчи муддати бошланишидан олдин Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатаман деб мақтанган эди. Аммо қасамёд қилганидан кейин ўн олти ой ўтгач, бу ҳақда камдан-кам эсламоқда.

Давлат котиби Марко Рубио эса яқинда чексиз музокараларга «вақт сарфлашдан чарчаганидан» шикоят қилди. Шунингдек, у бошқа бир давлат аралашиб, бу ролни ўйнашни истаса, хурсанд бўлишини айтди.

Россияликлар ҳам, ўз навбатида, президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг мунтазам ташрифидан чарчаганини билдирди.

Трамп Украинадан ташқари Эронга қарши урушда ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда. Чунки томонлар Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича келишиб олсалар ҳам, Эрон барибир ядро ва ракета дастурларининг келажагини уруш бошланишидан олдинги даражада қолдирмоқчи. ОАВ таҳлилчиларига кўра, Эрон Трампнинг жанговар ҳаракатларни қайта бошлашни истамаслигини тушунади ва шунинг учун музокараларни аввалги маъмуриятлар каби ойлар ёки йилларга чўзиши мумкин.

Трампнинг муаммолари орасида Ғазо сектори ҳам бор. АҚШ президенти ҲАМАСни қуролсизлантириш, халқаро барқарорлаштириш кучларини яратиш ва охир-оқибат Ғазони «шиша офис миноралари ва денгиз бўйи курортларининг ёрқин ҳудудига» айлантиришдан бошланадиган 20 банддан иборат режа ҳақида иштиёқ билан гапирди. Бироқ орадан саккиз ой ўтди-ю, унча ўзгариш бўлмади.

«Эҳтимол, буларнинг барчаси президентнинг улкан амбициялари билан глобал воқеликнинг ғишт деворларига урилишнинг муқаррар натижасидир. Эҳтимол, бу ҳаддан ташқари саъй-ҳаракатлар оқибатидир, чунки Трамп Эрон ва Венесуэладаги дастлабки икки ҳарбий саргузаштининг муваффақиятидан илҳомланиб, Америка ҳарбийлари учун жуда қийин вазифа йўқ деб ҳисоблайди», деб ёзди NYT.

Шу билан бирга, журналистларнинг таъкидлашича, Трамп ҳеч қачон ишни охирига етказиш қобилияти билан машҳур бўлмаган. Трамп муаммонинг мураккаблигини етарлича баҳоламаганини қисман тан олган ягона ҳолат бу Украинадаги урушдир.

Деярли беш ой давомида Трамп келишув яқинлигини бир неча бор башорат қилди ва у бир неча бор барбод бўлди. Журналистларнинг таъкидлашича, ҳозир Украина ўзини ишончлироқ ҳис қилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Украина бўйича музокаралардаги муаммолардан бири шундаки, Трамп маъмурияти музокараларни қўллаб-қувватлаш учун анъанавий дипломатиянинг кундалик иштирокисиз вақти-вақти билан телефон қўнғироқлари ёки махсус вакилларнинг ташрифларига таянган.

«Бу можаро ниҳоясига яқинлашиш учун пишиб етилди. Москвадаги кайфият ўзгарди. Жанг майдони ўзгарди: украинлар фронт чизиғини музлатиб қўйди. Россияда иқтисодий муаммолар ва маълум сиёсий норозиликлар кучайиб бормоқда. Кремль ичида «Биз буни қандай қилиб ғалаба сифатида кўрсатишимиз мумкин?» деган мавзуда суҳбатлар олиб борилмоқда», деди Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин Москвада хизмат қилган ва кичик Жорж Буш маъмурияти даврида Кремль билан стратегик мулоқотни бошқарган, катта тажрибага эга америкалик дипломат Томас Грэм.

Шу билан бирга, у бунинг учун ҳозирча мавжуд бўлмаган музокаралар жараёни кераклигини қўшимча қилди. Грэм сўзларига кўра, бунинг учун Путинга бир нечта вакилларни юборишга эмас, балки жараённинг ўзини янада институционаллаштириш керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид