Жаҳон | 16:47
3829
4 дақиқада ўқилади

«Сенинг томинг кетган» – Трамп Ливанга ҳужум туфайли Нетаняҳуни қаттиқ койиди

Axios нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга ғазаб билан қўнғироқ қилиб, ундан Ливанга ҳужумларни тўхтатишни талаб қилган. Аввалроқ, Эрон агар Исроил Ливанга ҳужумни бас қилмас экан, музокараларни бутунлай тўхтатишини билдирган эди

Фото: Joe Raedle/Getty Images

Доналд Трамп Иcроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқотда уни Ливан можаросидаги эскалация учун қаттиқ танқид қилди, деб ёзмоқда Axios бир неча манбаларга таяниб.

Суҳбатдошлардан бирининг айтишича, АҚШ етакчиси Исроил бош вазирини нонкўрликда айблаган: «Сенинг томинг кетган. Агар мен бўлмаганимда, сен ҳозир қамоқда ўтирган бўлардинг. Мен сени қутқаряпман. Энди сени ҳамма ёмон кўради. Шу сабабли ҳамма Исроилни ҳам ёмон кўради».

Бошқа бир манбанинг айтишича, Трамп қайсидир паллада «қутуриб кетган» ва Нетаняҳуга шундай деб бақирган: «Сен нима қилиб юрибсан ўзи?» (оригиналида – «What the fuck are you doing?»).

Axios манбаси қайд этишича, Трамп ва Нетаняҳу ўртасида олдин ҳам кескин руҳдаги телефон мулоқотлари бўлиб турган, аммо бу Трамп Оқ уйга қайтганидан кейинги даврдаги энг оғир суҳбатлардан бири бўлди. Нашр тахминига кўра, Трампнинг ғазаб отига минишига Ливандаги эскалация АҚШнинг Эрон билан олиб бораётган музокараларини барбод қилиш хавфини туғдиргани сабаб бўлган.

Телефон орқали мулоқотдан сўнг Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Нетаняҳудан Байрутда йирик амалиёт ўтказмасликни сўрагани ва у «ўз қўшинларини ортга қайтаргани» ҳақида ёзди. Трамп «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти вакиллари билан ҳам гаплашгани ва улар «Исроил ва унинг ҳарбий хизматчиларини ўққа тутишни тўхтатишга рози бўлгани»ни қўшимча қилган.

Нетаняҳунинг идораси ҳам бош вазир ва Трамп ўртасидаги мулоқот ҳақида хабар берган. Нетаняҳу агар «Ҳизбуллоҳ» Исроил шаҳарларини ўққа тутишни тўхтатмайдиган бўлса, Исроил «Байрутдаги террорчилик нишонлари» бўйлаб зарбалар беришидан огоҳлантирган. «Бизнинг позициямиз ўзгармайди», – деган Исроил бош вазири.

Исроиллик расмийлардан бири Axios нашрига Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрутда объектларига зарба беришни режалаштирмаётганини маълум қилган. Америкалик мулозим эса Трамп Нетаняҳу билан мулоқотда «ўз позициясини ўтказгани»ни айтган. «Майли, майли, фақат ҳаммаси яхши бўлишига ишонч ҳосил қилинг», – деган якунда Нетаняҳу.

Ливанда ўт очиш тўхтатилиши Эрон АҚШ билан сулҳ тузиш учун қўйган шартлардан бири эди. Бироқ 30–31 май кунлари Исроил армияси Ливан жанубидаги ўрта асрларга оид Бофор қалъасини эгаллаб олди. Исроил мудофаа кучларига кўра, ушбу қалъадан «Ҳизбуллоҳ» истеҳком сифатида фойдаланган. 1 июн куни Эроннинг Tasnim агентлиги Исроилнинг Ливанга берган зарбалари сабабли Эрон АҚШ билан музокараларни тўхтатганини хабар қилди. Бироз ўтиб Трамп музокаралар «тез суръатлар билан давом этаётгани»ни ёзди.

Исроилда Нетаняҳу пора олишда, шунингдек, коррупция иши бўйича фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Унинг иши бўйича суд жараёнлари 2020 йилдан бери давом этмоқда, Трамп Исроилга ташрифи чоғида уни афв этишга чақирган, шунингдек, Исроил президенти Ицҳак Ҳерцогга шундай илтимос билан хат ёзган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид