Жаҳон | 08:46
484
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Google ва Microsoft учун давлат тендерларини чеклаши мумкин

Европа Комиссияси Google, Amazon, Microsoft ва бошқа АҚШ технологик корпорацияларининг энергетика, банк, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа стратегик соҳалардаги давлат тендерларида иштирокини чеклашни назарда тутувчи янги қонун лойиҳасини тайёрлади.

Фото: AP

Reuters агентлигининг хабар беришича, “Булутли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 4 июнь куни Европа парламентига тақдим этилиши кутилмоқда.

Ҳужжат Европа Иттифоқининг булутли технологиялар соҳасидаги мустақиллигини кучайтиришга қаратилган. Лойиҳага кўра, хизмат кўрсатувчи компанияларга қўшимча талаблар жорий этилади. Асосий мезонлардан бири сифатида учинчи давлатларнинг провайдерлар маълумотлари ва хизматлари устидан назорат даражаси баҳоланади.

Шунингдек, Европа Комиссияси стратегик соҳаларда Европа Иттифоқида ишлаб чиқилган дастурий ва аппарат таъминотлардан фойдаланишни мажбурий қилишни таклиф этмоқда. Бу эса Amazon, Microsoft ва Google каби йирик америкалик булутли хизматлар провайдерларининг давлат тендерларида иштирок этишини қийинлаштириши мумкин.

Қонун лойиҳасида дата-марказлар қурилишини мувофиқлаштириш жараёнларини тезлаштириш ҳам кўзда тутилган. Бироқ ҳужжатнинг амалдаги таҳрири Европа Иттифоқи давлатлари ва Европа парламенти томонидан қўллаб-қувватланиши ҳозирча номаълум.

Ташаббуснинг пайдо бўлишига АҚШнинг Cloud Act қонуни сабаб бўлган. Ушбу қонун Америка ҳукумат органларига АҚШ компанияларидан фойдаланувчилар маълумотларини талаб қилиш ҳуқуқини беради, ҳатто маълумотлар серверлари бошқа давлат ҳудудида жойлашган бўлса ҳам.

Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи АҚШ технология секторига қарамликни камайтириш бўйича бир қатор чораларни амалга оширди. Хусусан, Digital Markets Act (DMA) ва Digital Services Act (DSA) қонунлари қабул қилинган.

Бундан ташқари, Европа Комиссияси Amazon, Microsoft ва Google компанияларига нисбатан бир неча бор монополияга қарши терговлар ўтказган. Немиснинг Handelsblatt нашри маълумотига кўра, Google компанияси қидирув натижаларида ўз сервисларига устунлик бергани учун юзлаб миллион евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид