Жаҳон | 17:02
2913
8 дақиқада ўқилади

Тарихий қалъа эгалланиши ва Эроннинг норозилиги. Ливанда нималар бўлмоқда?

Исроил Ливандаги амалиётни кенгайтирди ва стратегик муҳим қалъани эгаллаб олди. Эрон бунга жавобан тинчлик музокараларидан чиқиш билан таҳдид қилди. Трамп ҳамма билан гаплашгани ва муаммони ҳал қилганини айтди. Axios маълумотига кўра, у Нетаняҳуга бақириб гапирган.

Фото: Photo / AFP / Scanpix / LETA

Ливан ва Исроил ўртасидаги навбатдаги эскалация 2 март куни, «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий ҳудудлари бўйлаб ракеталар учирганида бошланганди. 17 апрел куни томонлар ўн кунлик оташкесим бўйича келишиб олишди, аммо тўрт кун ўтиб вақтинчалик сулҳ бузилди – «Ҳизбуллоҳ» дронлари кириб келиши туфайли Исроил шимолида яна сиреналар овози янграй бошлади. Шундан кейин Исроилнинг Байрутга ҳаво зарбалари ҳамда Исроил қўшинларининг Ливан жанубида олдинга юриши кузатилди; «Ҳизбуллоҳ» бунга Исроил ҳудудларини ўққа тутиш билан жавоб қайтарди.

Май ойи охирига келиб Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан жанубидаги қуруқлик амалиёти кенгайтирилгани ҳақида эълон қилди. Исроиллик ҳарбийлар Ливан ичкарисига чуқурроқ кириб, Литани дарёсини кесиб ўтди, 2024 йилги келишувга кўра ушбу дарё «Ҳизбуллоҳ» учун чегара этиб белгиланганди. Исроил мудофаа армиясининг ҳисоблашича, «Ҳизбуллоҳ» сўнгги вақтлардаги аксар ҳужумларини айнан шу ҳудуддан туриб амалга оширмоқда.

30–31 май кунлари Исроил армиясининг «Гўлани» бригадаси Бофор қалъасини эгаллаб олди – бу XII асрда салибчилар томонидан қурилган ва Ливаннинг Набатия шаҳри жанубида жойлашган қалъадир. Қалъа узра Исроил байроғи кўтарилган.

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Бофор қалъаси мамлакат шимолидаги аҳоли яшаш манзилларини ҳимоя қилиш учун муҳим стратегик нуқталардан бири эканини таъкидлаб, «бу кампания ҳали якунига етмагани»ни қўшимча қилди.

Нетаняҳу Бофор қалъаси эгалланишини Исроил сиёсатидаги «жиддий бурилиш» деб атади. «44 йил аввал бу жой аскарларимизнинг қаҳрамонона кураши рамзи, шу билан бирга, жамиятдаги чуқур бўлиниш рамзига айланганди. Бугун Бофорга бошқача бўлиб қайтдик. Биз бирлашган, қатъиятли ва ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бўлиб қайтдик», – деган у. Исроил бош вазири энди Исроил кучлари янада ичкари юриши ва илгари «Ҳизбуллоҳ» назоратида бўлган ҳудудда ўз таъсирини кенгайтириши лозимлигини айтди. 1 июн куни у мамлакат бош вазири Исраэл Кац билан қўшма баёнот эълон қилиб, унда Байрутнинг «Ҳизбуллоҳ» таъсир доирасида бўлган жанубий чеккаларига зарба беришга буйруқ берилганини маълум қилди.

Бофор қалъаси эгаллаб олинишига Ливаннинг ўзида ҳам, Европада ҳам тезкор муносабат билдирилди. Хусусан, Ливан бош вазири Наваф Салом телемурожаат билан чиқиб, Исроилни «шаҳар ва қишлоқларни вайронага айлантириб, аҳолини қувғин қилиш» йўли билан «ёндирилган ер» ва ливанликларни «коллектив жазолаш» сиёсатини юритишда айблади.

Франция 31 май куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини чақиришни сўради. «Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётларини давом эттиришини ва Ливан ҳудудининг тобора кўпроқ қисми ишғол этилишини ҳеч нарса билан оқлай бўлмайди», – деди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро BFMTV телеканалига берган интервюсида ва Исроилнинг ҳаракатларини «жиддий хато» деб атади.

Ливандаги можаро кескинлашувини Буюк Британия ва Германияда ҳам қоралашди. Британия ТИВ раҳбари Иветт Купер ҳарбий эскалация тинч аҳоли вакиллари ўлимига олиб келаётгани, одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилаётгани, инфратузилмаларни яксон этаётгани ҳамда дипломатия учун майдонни торайтираётганини айтди. Германия ташқи ишлар вазири Йоҳан Вадефул Исроил армиясининг олдинга юриши «жиддий хавотир уйғотаётгани»ни айтиб, икки томонни ҳам ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.

Исроил ҳаракатларига Эрон томонидан ҳам реакция бўлди, Теҳрондагилар аввалбошда Ливанда ўт очиш тўхтатилишини АҚШ билан музокараларни давом эттириш учун мажбурий шартлардан бири деб атаганди. 1 июн куни Эроннинг Tasnim давлат агентлиги Теҳрон Исроилнинг Ливанга зарбалари туфайли АҚШ вакиллари билан хабар алмашишни тўхтатаётганини маълум қилди. Шундан сўнг Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Ливанни назарда тутган ҳолда фронтлардан бирида ўт очишни тўхтатиш режими бузилиши «бутун фронтдаги бузилишни англатиши»ни таъкидлади ва оқибатлар учун АҚШ ҳамда Исроил масъул эканини қўшимча қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса Эрон билан музокаралар «тез суръатларда кетаётгани»ни маълум қилди. Ўша куни ABC телеканалига берган интервюсида у «кичик муаммо юзага келгани», аммо «Ҳизбуллоҳ» вакиллари ва Нетаняҳу билан гаплашиб, улардан ўзаро отишмани тўхтатишни сўраб, «ҳаммасини тезда ҳал қилгани»ни айтди.

Бир кун ўтиб Axios нашри Трампнинг Исроил бош вазири билан телефон орқали қилган мулоқоти тафсилотларини ёзиб чиқди. Нашр манбалари икки сиёсатчининг суҳбатини Трамп Оқ уйга қайтганидан кейинги даврдаги «энг оғир ўтгани» деб атаган. Журналистлар билан суҳбатда бўлган расмийлардан бири Трамп Нетаняҳунинг Байрутни яна бир марта бомбалаш режасидан норози бўлиб, у «буткул ақлдан озгани»ни айтган. «Агар мен бўлмаганимда, сен ҳозир қамоқда ўтирган бўлардинг. Мен сени қутқаряпман. Энди сени ҳамма ёмон кўради. Шу сабабли ҳамма Исроилни ҳам ёмон кўради», — дея АҚШ президентининг сўзларини келтиради манба. Бошқа бир суҳбатдош эса Трамп Нетаняҳуга бақириб гапирганини айтган: «Сен нима қилиб юрибсан ўзи?» (оригиналида – «What the fuck are you doing?»).

Ушбу мулоқотдан кейин Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Нетаняҳудан Байрутда йирик амалиёт ўтказмасликни сўрагани ва у «ўз қўшинларини ортга қайтаргани» ҳақида ёзган.

Исроил бош вазири идораси ҳам Нетаняҳу ва Трамп ўртасидаги мулоқот ҳақида хабар берган. Нетаняҳу агар «Ҳизбуллоҳ» Исроил шаҳарларини ўққа тутишни тўхтатмайдиган бўлса, Исроил «Байрутдаги террорчилик нишонлари» бўйлаб зарбалар беришидан огоҳлантирган. «Бизнинг позициямиз ўзгармайди», – деган Исроил бош вазири.

Исроилдаги 12-каналининг Нетаняҳу яқин бўлган манбаси суҳбат «кескин оҳангда» ўтганини тан олган, лекин Трамп томонидан ҳақоратли сўзлар ишлатилганини рад этган. Манбага кўра, 1 июн куни кечқурун икки бор телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган. Иккинчисида томонлар бир-бирига норозилик билдирган, чунки уларнинг иккиси ҳам олдинги суҳбат мазмунини оммага баён қилганди. Телеканал суҳбатдошининг сўзларига кўра, Трамп ва Нетаняҳу охир-оқибат қуйидаги шарт бўйича келишишган: агар Исроил ҳудудига янги зарбалар берилмаса, Исроил Байрутга зарба беришдан воз кечади.

Аммо бу хабарлардан кўп ўтмай, Исроилнинг Ливан билан чегарадаги Метула шаҳри ва атрофдаги бошқа аҳоли яшаш манзилларида ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантирувчи сигналлар янгради. Сиреналар кейинги куни ҳам давом этди. 2 июн куни Вашингтонда Исроил ва Ливан элчилари ўртасида тўғридан тўғри музокараларнинг янги босқичи бошланди. Музокаралар икки кун давом этади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид