Ўзбекистон | 09:02 / 05.06.2026
1679
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ва шифохоналарда энергия тежамкор лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистонда 2026–2027 йилларда мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш объектларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилади. Бу мақсадда бинолар модернизация қилиниб, қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ижтимоий соҳа муассасаларида энергия тежамкорликни ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Жиззах вилоятида энергия самарадорлиги лойиҳалари амалга ошириладиган ижтимоий соҳа муассасаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, Денов ва Ғаллаорол туманларида энергия самарадорлиги лойиҳалари бўйича намунавий кварталларнинг манзилли дастури ҳам белгиланди.

Қарор доирасида ижтимоий соҳа объектларида гелиоколлекторлар ўрнатиш, қуёш фотоэлектр станцияларини жойлаштириш, биноларни иссиқлик изоляцияси билан таъминлаш ва бошқа энергия тежамкор технологияларни жорий этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, «Ноль энергия сарфли бинолар» концепцияси асосида айрим муассасаларни модернизация қилиш ва қайта қуриш режалаштирилган. Ушбу ёндашув биноларнинг энергия истеъмолини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.

Ҳукумат қарорига кўра, энергия аудити тизими такомиллаштирилиб, ижтимоий соҳа объектларида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш устидан назорат кучайтирилади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур чоралар давлат муассасаларида энергия сарфини қисқартириш, бюджет маблағларини тежаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид