Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия дронлари Запорижжя ва Конотопга ҳужум қилди
Россия армияси Украинанинг Запорижжя ва Конотоп шаҳарларига дронлар орқали ҳужум уюштирди. Ҳужумлар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди, ўнлаб фуқаролар жароҳат олди, турар жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етди.
Украина расмийларининг маълум қилишича, 4 июнь куни кечқурун Россия ҳарбийлари Запорижжя шаҳрининг аҳоли яшаш ҳудудига дронлар билан зарба берган. Ҳужум натижасида кўп қаватли турар жой биноси ва унинг атрофидаги автомобилларга шикаст етган.
Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг билдиришича, ҳужум оқибатида 44 ёшли аёл ҳалок бўлган. Шунингдек, яна 11 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Шу куни кечқурун Россия қўшинлари Суми вилоятидаги Конотоп шаҳрига ҳам дронлар билан зарба берган. Шаҳар мэри Артём Семенихиннинг маълум қилишича, ҳужумлар турар жойлар ва фуқаролик инфратузилмасини нишонга олган.
Зарба оқибатида камида беш киши жабрланган. Улар орасида уч нафар бола ҳам бор. Дрон ҳужуми туфайли хусусий уйлардан бири ёнғин ичида қолган. Ҳодиса вақтида уйда икки нафар катта ёшли киши ва уч нафар бола бўлган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, жабрланган болалар ҳамда уларнинг онаси шифохонага ётқизилган. Шунингдек, ҳужум оқибатида шаҳарнинг бир қисми электр таъминотисиз қолган, сув таъминотида ҳам узилишлар юзага келган.
Херсон шаҳрида ҳам дрон ҳужуми қайд этилган. Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг билдиришича, шаҳарнинг Корабель туманига қилинган зарба натижасида 75 ёшли эркак ҳалок бўлган.
Украина расмийлари ҳужумлар фуқаролик объектлари ва аҳоли яшаш ҳудудларига қарши амалга оширилганини таъкидламоқда.