Таълим | 16:41
4252
5 дақиқада ўқилади

Бир инсон қандай қилиб бутун жамиятни ўзгартирди? | 5 дақиқа

Бир инсон қандай қилиб бутун бир жамиятни ўзгартира олади? Қандай қилиб қуллик, зулм ва жоҳиллик ҳукм сурган замонда адолат, илм ва инсонийлик ғояларини илгари суриш мумкин? Алихонтўра Соғунийнинг «Тарихи Муҳаммадий» асари ана шу саволларга жавоб беради. Муаллиф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ҳикоя қилар экан, ўқувчига фақат тарихни эмас, инсоннинг ўзини ҳам англаш йўлини кўрсатади.

XX аср ўзбек маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган шахслардан бири - Алихонтўра Соғуний нафақат жамоат арбоби, балки тарихчи, таржимон, маърифатпарвар ва миллий уйғониш ғояларининг фаол тарғиботчиси сифатида ҳам танилган. Унинг китоблари орасида «Тарихи Муҳаммадий» алоҳида ўрин тутади.

Соғуний ушбу китобни ёзар экан, оддий тарихий воқеаларни баён қилишни эмас, балки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлари орқали инсонни маънавий камолотга чорлашни мақсад қилган. Шу боис «Тарихи Муҳаммадий» фақат сийрат китоби эмас, балки ахлоқ, сабр, адолат, илм ва инсонпарварлик ҳақидаги катта маънавий дарслик сифатида қадрланади.

Муаллиф асарни Арабистон яриморолининг исломдан аввалги аҳволини тасвирлашдан бошлайди. Бу тасвирлар бежиз эмас. Соғуний инсонлар қандай муҳитда яшаганини кўрсатиб, кейин Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилиши қандай улкан ўзгаришлар олиб келганини англатишни мақсад қилади. У даврда кучли кучсизга ҳукмрон эди. Қиз болалар тириклайин кўмилар, қуллар инсон ўрнида кўрилмас, бойлик ва насаб ҳамма нарсадан устун эди. Адолат эмас, куч ҳақиқат ўрнини эгаллаган эди.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишлари асарда алоҳида меҳр билан тасвирланади. Муаллиф бу воқеани инсоният тақдиридаги янги саҳифа сифатида талқин қилади. Отасидан эрта етим қолган, кейин онасидан ҳам ажраган боланинг ҳаёти ўқувчини ўйлантирмай қўймайди. Асарнинг шу ўринларида муаллиф инсоннинг буюк бўлиши учун албатта бой ёки қудратли оилада туғилиши шарт эмаслигини кўрсатади. Баъзан оғир синовлар инсонни келажакдаги улкан вазифаларга тайёрлайди.

Китобда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ёшлик даврлари ҳақидаги ҳикоялар ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. У киши ҳеч қачон ёлғон гапирмаганлари, омонатга хиёнат қилмаганлари учун халқ орасида «Ал-Амин» - ишончли инсон деган ном олганлари таъкидланади. Бу ерда Соғуний пайғамбарлик вазифаси келмасидан олдин ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқлари одамларни ҳайратга солганига ишора қилади. Демак, буюклик тасодиф эмас, балки йиллар давомида шаклланган фазилатлар натижасидир.

Макка даври воқеалари ҳам китобда алоҳида ўрин тутади. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқатни етказа бошлаганларида уларни қўллаб-қувватлаш ўрнига мазах қилишади, ҳақорат қилишади, ҳатто ўлдиришга ҳам ҳаракат қилишади.

Бироқ муаллиф бу воқеаларни фақат қайғули хотира сифатида келтирмайди. У сабрнинг қандай буюк куч эканини кўрсатади. Чунки мусулмонлар қуролсиз, давлат ёки армиясиз ҳам душманларга қарши иймон ва матонат билан қаршилик кўрсатган эдилар. Китоб ўқувчига бу орқали баъзан инсоннинг энг катта қуроли - унинг сабри эканини эслатади.

Муҳаммад алайҳиссалом турли қабилаларни бирлаштиришлари, муҳожирлар билан ансорларни дўст қилишлари, адолатга асосланган давлат тизимини шакллантиришлари ҳақидаги ҳикоялар ҳеч қачон ўз кучини йўқотмайди. Муаллиф бу орқали жамиятни қуриш учун кучдан кўра адолат муҳимроқ, демоқчи бўлади.

Асарда Хандақ жанги, Ҳудайбия сулҳи ва Макканинг фатҳ қилиниши ҳақидаги воқеалар ҳам акс этган. Айниқса, Макканинг фатҳи ҳақидаги саҳифалар китобнинг энг таъсирли қисмларидан бири, деган бўлардим. Чунки йиллар давомида таъқиб қилинган, ҳақоратланган ва юртидан ҳайдалган инсон ғолиб сифатида шаҳарга қайтади. Одатда тарихда бундай пайтларда қасос олинади. Аммо Муҳаммад алайҳиссалом халққа: «Боринглар, ҳаммангиз озодсиз», деб мурожаат қиладилар.

«Тарихи Муҳаммадий»нинг энг муҳим томони шундаки, у ўқувчига фақат маълумот бермайди, балки тарбиялайди. Китоб сабрни ўргатади. Адолатнинг қадрини англатади. Илмга муҳаббат уйғотади. Кечиримли бўлишга чақириб, инсонни ўз нафси билан курашишга ундайди. Муаллиф учун Муҳаммад алайҳиссалом ҳаёти шунчаки тарих эмас, балки комил инсон қандай бўлиши кераклигини кўрсатувчи намунадир.

Бу асар ҳақида аслида жуда узоқ гапириш мумкин. Ҳозирча шу!

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид