Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тезкор тадбирларда минглаб тақиқланган дори воситалари аниқланди
Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳри билан боғлиқ икки ҳолатда 6 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилиниб, қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Мамлакатда сўнгги йилларда анъанавий гиёҳванд моддалар билан бир қаторда синтетик наркотиклар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси кўпаймоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, эркин муомаласи тақиқланган бундай воситалар асосан қўшни давлатлардан ноқонуний йўллар билан олиб кирилиб, яширин тарзда тарқатилмоқда.
ДХХ ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Фарғона шаҳрида яшовчи 1974 йилда туғилган фуқаро келгусида сотиш мақсадида ўз хонадонида 3580 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситасини сақлаётгани аниқланди. Мазкур дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Шунингдек, «Қўқон – Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомашина текширилганда, унинг салонида хуфиёна тарзда яширилган 2520 дона «Регапен» дори воситаси борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасаддилар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирмоқда.
Мавзуга оид
21:11 / 30.05.2026
Фарғонада 1 млрд 247 млн сўмлик дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
14:32 / 22.05.2026
Қибрайда катта миқдордаги ноқонуний дори воситалари ушлаб қолинди
12:09 / 20.05.2026
Андижонда 5 млрд сўмлик сохта дори маҳсулотлари аниқланди
19:21 / 06.05.2026