Жаҳон | 08:29 / 06.06.2026
2086
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг иммиграция бўйича қарорлари судда рад этилди

АҚШнинг Род-Айленд штатидаги федерал суд Дональд Трамп маъмурияти томонидан 39 давлат фуқароларига нисбатан қўлланган айрим иммиграция чекловларини ноқонуний деб топди. Суд қарори натижасида бошпана, ишлаш рухсатномаси, доимий яшаш ҳуқуқи (грин-карта) ва фуқаролик бўйича аризалари кўриб чиқилмай қолган минглаб одамлар учун ҳуқуқий имкониятлар қайта тикланиши мумкин.

Фото: REUTERS

Провиденс шаҳри бош федерал судьяси Жон Макконнеллнинг таъкидлашича, баҳсли чоралар кўплаб муҳожирларни “ҳуқуқий ноаниқлик ботқоғи”га ташлаб қўйган. Судьянинг фикрича, мазкур шахслар Конгресс томонидан белгиланган қонуний тартибларга амал қилган ва АҚШ Фуқаролик ҳамда иммиграция хизмати (USCIS) талабларини бажарган бўлса-да, уларнинг аризалари ойлар давомида кўриб чиқилмаган.

Макконнелл USCIS ўз ваколатлари доирасидан чиқиб кетганини ва қарорлар қонуний асосларсиз қабул қилинганини қайд этди. Унинг фикрича, бу чоралар муҳожирларга нисбатан салбий муносабатлар таъсирида қабул қилинган бўлиб, бундай омиллар давлат қарорларига таъсир кўрсатмаслиги керак.

Суд қарори муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар ва касаба уюшмалари коалициясининг ғалабаси сифатида баҳоланмоқда. Ушбу ташкилотлар март ойида Трамп маъмурияти сиёсати устидан судга мурожаат қилган эди.

Трамп 2025 йилда Оқ уйга қайтганидан кейин иммиграция сиёсатида бир қатор кескин чекловларни жорий этган. 2025 йил июнь ойида Афғонистон, Эрон, Яман, Ливия, Сомали, Судан, Ҳаити ва бошқа бир қатор давлатлар фуқаролари учун АҚШга кириш тўлиқ тақиқланган. Шунингдек, Венесуэла, Куба, Туркманистон ва бошқа давлатлар фуқароларига нисбатан қисман чекловлар жорий этилган.

Орадан олти ой ўтиб, Трамп маъмурияти чекловлар рўйхатини яна кенгайтирди. 2026 йил 1 январдан кучга кирган янги қарорларга кўра, Буркина-Фасо, Мали, Нигер, Сурия, Жанубий Судан ва бошқа давлатлар фуқаролари ҳам тўлиқ тақиқ остига тушди. Ангола, Нигерия, Сенегал, Танзания ва яна бир қатор мамлакатларга нисбатан эса қисман чекловлар қўлланди.

Кузатувчилар фикрича, мазкур суд қарори Трамп маъмуриятининг қатъий иммиграция сиёсатига берилган энг жиддий ҳуқуқий зарбалардан бири бўлиб, келгусида шунга ўхшаш бошқа қарорларнинг ҳам қайта кўриб чиқилишига йўл очиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид