Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ кучли Эль-Ниньо ҳақида огоҳлантирди
Жаҳон метеорология ташкилоти (WMO) яқин ойларда Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси туфайли дунё бўйлаб ҳароратнинг янада ошиши, кучли қурғоқчилик, сел-сув тошқинлари ва иссиқ тўлқинлари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Мутахассислар ҳукуматлар ва аҳолини эҳтимолий экстремал об-ҳаво ҳодисаларига тайёр туришга чақирмоқда.
Эль-Ниньо — Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмларида сув ҳароратининг даврий равишда меъёрдан юқори кўтарилиши билан боғлиқ иқлим ҳодисаси ҳисобланади. Одатда у 9 ойдан 12 ойгача давом этади ва бутун дунё иқлимига таъсир кўрсатиши мумкин.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълум қилишича, ҳозирги пайтда океан сувларининг исиши Эль-Ниньонинг шаклланиши учун қулай шароит яратмоқда. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, июнь–август ойларида дунёнинг аксарият ҳудудларида ҳарорат ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлиши кутилмоқда.
WMO бош котиби Селеста Саулонинг таъкидлашича, Эль-Ниньо қурғоқчилик ва кучли ёғингарчиликларни кучайтириши, шунингдек, қуруқлик ва океанларда иссиқ тўлқинлари хавфини ошириши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирданоқ эҳтимолий кучли Эль-Ниньо оқибатларига тайёргарлик кўриш муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассислар прогнозларига кўра, Эль-Ниньо таъсирида Жанубий Американинг жанубий қисми, АҚШнинг айрим ҳудудлари, Африка мамлакатлари ва Марказий Осиёда ёғингарчилик миқдори ортиши мумкин.
Аксинча, Австралия, Марказий Америка, Индонезия ҳамда Жанубий Осиёнинг айрим қисмларида қурғоқчилик хавфи кучайиши эҳтимол қилинмоқда.
Шунингдек, Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмларида Эль-Ниньо тропик бўронлар ва кучли довуллар шаклланиши учун қулай муҳит яратиши мумкин.
Экспертлар экстремал иссиқликнинг соғлиқ учун хавфларига ҳам эътибор қаратмоқда. Иссиқ об-ҳаво чивин ва кана орқали юқадиган касалликларнинг кенгайишига, озиқ-овқат ва ичимлик суви захираларининг қисқаришига сабаб бўлиши мумкин.
Айрим миллий метеорология хизматлари бу галги Эль-Ниньо сўнгги ўн йилликдаги энг кучли ҳодисалардан бири бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. WMO бунга нисбатан эҳтиёткор ёндашмоқда, аммо ташкилот тропик Тинч океанида сувнинг юза ости қатламлари ҳарорати меъёрдан 6 даража Цельсийдан ортиқ юқори эканини қайд этди.
Мутахассислар фикрича, айнан шу катта иссиқлик захираси яқин ойларда океан юзаси ҳароратининг янада ошишига ва Эль-Ниньо таъсирининг кучайишига хизмат қилиши мумкин.
Мавзуга оид
08:10 / 06.06.2026
Украина БМТ Хавфсизлик кенгашини фавқулодда йиғилишга чақирди
12:20 / 04.06.2026
Қирғизистон илк марта БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига сайланди. Ўзбекистон қардош халқни табриклади
08:54 / 03.06.2026
БМТ Бош ассамблеясига янги раис сайланди
22:50 / 01.06.2026