Жаҳон | 09:20
3093
4 дақиқада ўқилади

Эрон ва Исроил зарбалар алмашди

Исроил якшанба куни эрта тонгда, АҚШ Ливанда сулҳ режасини эълон қилганига қарамай Байрут ҳудудига зарбалар берди. Эрон бунга жавобан Исроилга бир нечта баллистик ракеталар учирди. Шундан сўнг, Исроилга Теҳронга ҳам зарбалар йўллади.

Тел-Авив / Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан кенг кўламли урушни якунлаш бўйича келишувга йўл очиш мақсадида Исроилдан Ливандаги ҳужумларини тўхтатишни талаб қилиб келмоқда. Ҳатто ўтган ҳафтадаги телефон мулоқоти чоғида у бош вазир Бинямин Нетаняҳуни ҳақоратли сўзлар билан қаттиқ койиган. Шунга қарамай, Исроил якшанба куни эрта тонгда — Ливанда сулҳ режаси эълон қилинганидан бери илк бор Байрут ҳудудига зарбалар берди.

2026-06-08 09.06.49

7 июн куни Эрон бунга жавобан Исроилдаги объектларга қарата бир гуруҳ ракеталар учирди. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Назарет яқинидаги Рамат-Давид авиабазасини нишонга олганини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари эса Эрондан учирилган ракеталар аниқлангани ва уларни ҳаво мудофаа тизимлари уриб туширганини билдирди.

Аммо, тармоқларда Эроннинг бир неча ракетаси Исроил ҳудудига тушгани, уни Темир гумбаз тутиб қололмагани акс этган видеолар тарқалди.

Эроннинг тинчлик музокараларидаги бош вакили, парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибофнинг таъкидлашича, АҚШ базалари ва Исроил активлари – душманлик ҳаракатлари, жумладан, «Ливан бўйича келишувларнинг бузилиши» сабабли қонуний нишонлар ҳисобланади.

Якшанба кунига қадар, апрель ойида кенг кўламли урушда ўт очишни тўхтатиш режими бошланганидан бери Эрон Исроилга ҳужум қилмаган эди, гарчи «Хизбуллоҳ» буни амалга оширган бўлса ҳам.

2026-06-08 09.07.03

Бир неча соат ўтгач, Исроил мудофаа кучлари Эрон ҳарбий объектларига зарба берганини маълум қилди. Муҳофизлар корпусига кўра, Исроил Эрон ичкарисидаги объектларга ҳавода учириладиган баллистик ракеталар ёрдамида ҳужум уюштирган.

Трамп: «Ҳаммаси жойида»

Axios нашрига кўра, Трамп ва Нетаняҳу якшанба куни телефонда ярим соатга яқин гаплашган. Нашр иқтибос келтирган АҚШ расмийсининг сўзларига кўра, Трамп мулоқот чоғида Нетаняҳуга навбатдаги зарбалардан тийилишни айтган, чунки «биз келишув борасида яхши бир натижага эришишга яқинмиз».

Кейинроқ, Трамп Эрон ва Исроил зарбалар алмашганига қарамай кенг кўламли урушни тугатиш тўғрисидаги келишувга эришиш имконияти ҳали ҳам жуда юқори эканлигини таъкидлади.

2026-06-08 09.06.53

«Бу келишувга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», — деди Трамп Financial Times нашрига. «Қарорларни мен қабул қиламан. Барча қарорлар меники. У (Нетаняҳу) ҳеч нарсани ҳал қилмайди».

Урушни тўхтатишга қаратилган АҚШ-Эрон музокаралари бошланганидан бери Исроил Ливанда «Хизбуллоҳ» билан урушни давом эттирмоқда. Исроил расмийлари бу масала Эрон билан ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш келишувидан алоҳида кўриб чиқилиши кераклигини таъкидламоқда.

Теҳрон эса ҳар қандай тинчлик шартномаси Ливанда ҳам оташкесимга риоя қилинишига боғлиқ бўлишини айтиб келади.

2026-06-08 09.07.00

Исроил Ливандаги ҳарбий кампаниясини ҳеч қачон тўхтатгани йўқ, бу уруш оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлди ва юз минглаб киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Сулҳ музокараларида қатнашмаган «Хизбуллоҳ» ҳам ўз ҳужумларини давом эттирмоқда ва Исроил Ливандан чиқиб кетмагунча қуролларини топширмаслигини айтмоқда.

Вашингтон ва Теҳрон бўғозни қайта очадиган дастлабки келишувга яқин эканликларини айтишган бўлса-да, улар ўзаро зарбалар алмашишни давом эттирмоқда. Сўнгги кунлардаги кескинлашув АҚШ базалари жойлашган яқин атрофдаги араб давлатларига қилинган ҳужумларни ҳам ўз ичига олди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид