Жамият | 09:45
2444
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги машҳур боғ Экология қўмитаси тасарруфига ўтказилади

Сурхондарё вилоятида эколог Александр Федин томонидан барпо этилган машҳур боғни сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида мазкур ҳудуд Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, боғ негизида жамоатчилик учун очиқ экологик парк ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Александр Фединнинг саломатлиги ҳамда у томонидан яратилган боғ тақдири бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан берган расмий муносабатида маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур масала қўмита томонидан алоҳида назоратга олинган. Ҳозирги вақтда Александр Федин Термиз шаҳридаги тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига жойлаштирилган бўлиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, уни муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Александр Фединни Қўмита ҳузуридаги Ўрмон агентлиги тизимига ишга жойлаштириш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Расмий муносабатда таъкидланишича, Александр Фединнинг мамлакат экологияси ва кўкаламзорлаштириш соҳасига қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, у барпо этган боғни сақлаб қолиш ва ривожлантириш бўйича алоҳида ҳужжат тайёрланмоқда.

Унга мувофиқ, мазкур ҳудуд жамоатчилик учун очиқ экологик парк сифатида ташкил этилади ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфига ўтказилади.

Келгусида ушбу ҳудуд негизида жамоатчилик боғи шакллантирилиб, унинг ноёб табиий меросини асраб-авайлаш ва янада бойитиш бўйича ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид