Жаҳон | 08:44
1992
3 дақиқада ўқилади

Европа етакчилари ва Зеленский тинчликнинг беш шартини эълон қилди

Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэль Макрон ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский Лондонда бўлиб ўтган учрашувда Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришиш учун зарур бўлган беш асосий шартни белгилаб олди.

Фото:Tim Rooke/SIPA/picture alliance

Буюк Британия ҳукумати томонидан эълон қилинган қўшма баёнотга кўра, учрашувда Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтириш, Россия иқтисодиётига босимни ошириш ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва узоқ масофали ракеталарни биргаликда ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар, шунингдек, Киев ва Москва ўртасида бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай тинчлик музокараларида Европа давлатларининг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Қўшма баёнотда тинчликка эришишнинг беш асосий шарти келтирилди.

Биринчиси — зудлик билан жанговар ҳаракатларни тўхтатиш.

Иккинчи шартга кўра, ҳозирги фронт чизиғи музокаралар учун бошланғич нуқта сифатида қабул қилиниши мумкин. Шу билан бирга, халқаро чегаралар куч ишлатиш орқали ўзгартирилмаслиги ва Украинанинг ўз хавфсизлигини таъминлаш механизмлари ҳамда халқаро иттифоқларни мустақил танлаш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши лозимлиги таъкидланган.

Учинчи шарт — ўт очишни тўхтатиш режими кучга киргач, Украинага юридик жиҳатдан мажбурий бўлган хавфсизлик кафолатлари берилиши. Бу кафолатлар доирасида мамлакат ҳудудига кўп миллатли хавфсизлик кучларини жойлаштириш ҳам кўзда тутилган.

Тўртинчи шартга мувофиқ, Россиянинг музлатилган активлари Москва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмагунча ва етказилган зарарни қопламагунича сақланиб қолади.

Бешинчи шарт эса ҳар қандай тинчлик келишуви Европа хавфсизлиги манфаатларини ҳам ҳимоя қилиши кераклигини назарда тутади. Баёнотда қайд этилишича, Европа Иттифоқи ва НАТОга дахлдор масалалар бўйича қарорлар ушбу ташкилотларга аъзо давлатлар розилиги билан қабул қилиниши лозим.

Учрашув Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий музокаралар муҳокама қилинаётган бир пайтда бўлиб ўтди. Аввалроқ Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путинга очиқ мактуб йўллаб, урушни якунлаш ва шахсий учрашув санасини белгилашни таклиф қилган эди.

Зеленскийнинг билдиришича, икки томонлама мулоқотларга Европа давлатлари ва АҚШ ҳам қўшилиши мумкин.

Бироқ Кремль раҳбари Владимир Путин мазкур таклифга эҳтиёткорона муносабат билдириб, ҳозирча бундай учрашувдан маъно кўрмаётганини айтди. У шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар Россия ўз мақсадларига эришганидан кейин тугашини таъкидлади.

Кузатувчилар фикрича, Лондондаги учрашув Европа давлатларининг Украина масаласидаги умумий позициясини мустаҳкамлаш ҳамда эҳтимолий тинчлик музокаралари учун ягона ёндашувни шакллантиришга қаратилган муҳим сиёсий қадам бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид