Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Балашихада яна бир генерал ўлдирилди
Москва ташқарисидаги шаҳарда автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ҳаракатга келтирилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди. Телеграм-каналларга кўра, у Россия мудофаа вазирлиги Бош ракета-артиллерия бошқармаси бошлиғи Дамир Давидов эди.
9 июн куни эрталаб соат 5:30 атрофида Москва ташқарисидаги Балашиха шаҳрининг Авиаторлар микрорайони Колдунов кўчасида BMW Х3 русумли автомобил портлади. Портлаш машина автотураргоҳдан кетаётганида рўй берган. Унинг ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган.
Москва области тергов қўмитаси ва прокуратура Балашихада портлаш рўй берганини тасдиқлаган, аммо ҳалок бўлган ҳайдовчи шахсини келтирмаган. Тергов қўмитаси ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилганини хабар қилган, аммо иш айнан қайси модда бўйича очилганига аниқлик киритилмаган.
Манбаларга кўра, ҳалок бўлган шахс Россия мудофаа вазирлиги Бош ракета-артиллерия бошқармаси бошлиғи Дамир Давидов эди. Бу ҳақда дастлаб «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали ёзди, хабарда Давидов генерал-лейтенант экани айтилган. Кейинроқ Украина мудофаа вазири маслаҳатчиси Сергей Стерненко, шунингдек, Украинадаги Insider UA нашри ҳам бу маълумотни такрорлади. Astra телеграм-канали манбасига кўра, автомобил остига қўлбола портловчи қурилма жойлаштирилганди. «Коммерсант» маълумотига кўра, бу тротил эквивалентида тахминан 500 грамм қувватга эга қурилма бўлган.
Дамир Давидов «Миротворец» сайти базасига киритилган. Украинадаги ресурсларга кўра, Давидов 57 ёшда бўлиб, у Пенза-19 (Заречний) шаҳарчасида ўсган, унинг отаси Рафаил Давидов ядровий ракеталар ишлаб чиқариладиган «Старт» ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлаган. Россия кучишлатар тузилмаларига яқин ҳисобланган Shot телеграм-канали эса Давидов 62 ёшда бўлганини ёзган.
Россиядаги ресурсларда Давидов ҳақидаги маълумотни Мудофаа вазирлигининг «Красная звезда» газетасининг 2009 йил декабр ойидаги мақоласида учратиш мумкин. У ерда уни Мудофаа вазирлиги Ракета-артиллерия бош бошқармасининг 51-арсенали қошидаги Марказий синов техник бюроси командири бўлган полковник деб кўрсатишган. Давидов тилга олинган яна хабар 2019 йилга мансуб бўлиб, у ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий делегацияси таркибида Қозоғистонга Бош ракета-артиллерия бошқармаси бошлиғи лавозимида келганди.
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозиргача Балашихадаги портлашда ҳалок бўлган шахснинг исмини очиқламади. «Агентство» қайд этишича, илгари шунга ўхшаш ҳолатларда суиқасд қурбонларининг исмлари шу куннинг ўзида маълум бўлган.
Ушбу портлаш рўй берган Балашихадаги Авиаторлар микрорайони аввалбошдан ҳарбий пенсионерлар квартали бўлиши режалаштирилганди. Бу ерда 2025 йил апрелида ҳам РФ қуролли кучлари бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ярослав Москаликнинг автомобили портлатилганди. Тергов қўмитаси ўшанда Украина хавфсизлик хизмати топшириғи билан содир этилган теракт юзасидан жиноий иш қўзғатган, унинг ижрочиси сифатида Игнат Кузин ҳибсга олинганди. Ўша йил ноябрида у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.