Москва яқинидаги Балашиха шаҳрида кўп қаватли турар жой биноси ҳовлисида автомобил портлаб кетди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин ҳисобланган Baza, Shot ва Mash телеграм-каналлари автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ҳаракатга келтирилиши оқибатида РФ қуролли кучлари бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ярослав Москалик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Портлаш 25 апрел тонгида, Авиаторлар микрорайонида жойлашган уй ҳовлисида рўй берган. «Агентство» қайд этишича, бу микрорайон ҳарбий пенсионерлар учун квартал сифатида лойиҳалаштирилган. Msk1 нашри суҳбатдошлари ҳам ҳудудда асосан ҳарбийлар истиқомат қилишини айтишган.

Baza ва «112» маълумотига кўра, уйлардан бирида турган Volkswagen Golf автомобили соат 10:40 атрофида портлаб кетган. Воқеа жойида олинган кадрларга кўра, ушбу бинонинг қуйи қаватларида жойлашган квартираларнинг деразалари тўкилиб кетган, шунингдек, атрофда турган автомобиллар шикастланган. Портлашдан кейин «Volkswagen» ёниб кетган, кўп ўтмай қутқарувчилар оловни ўчиришган.

Портлашдан кейин дарҳол ОАВда бир қурбон ҳақида хабар берилди. Аммо, «Коммерсант» маълумотига кўра, уларнинг сони икки нафар бўлиши мумкин — портлаган автомобил ҳайдовчиси ва унинг машинадан энди чиққан йўловчиси. Бошқа манбаларда иккинчи қурбон ҳам бўлгани ҳақида маълумот келтирилмаган.

Телеграм-каналлар машина генерал Москалик подъезддан чиқиб келганида портлаб кетганини ёзишган. Аввалига, ҳалок бўлган киши ўткинчилардан бири бўлгани, машинада эса газ баллон портлаган бўлиши мумкинлиги айтилганди. Аммо экспертлар қўлбола портловчи қурилма бўлаклари ва шикастловчи элементларни топганидан кейин бу версия йўққа чиқди
парчаланиб кетган. ТАСС агентлиги ҳам оператив хизматларга таяниб, «Volkswagen»да қўлбола портловчи қурилма портлагани ҳақида хабар берди.

Терговчилар тахминига кўра, портловчи қурилма ўрнатилган машина ҳарбий мулозим яшаган уй подъезди қаршисига қўйиб кетилганди, деб ёзади Shot. «Агентство» нашри сиздирилган маълумотларни ўрганиб чиқиб, Москалик Нестеров хиёбонидаги 2-уйда яшаганини тасдиқлади. Mash маълумотига кўра, бомба автомобилга газ баллон ускунаси ёнига жойлаштирилган, у масофадан туриб фаоллаштирилган.

«Известия» ҳамда унга яқин бўлган «112» телеграм-канали портлаш чоғида олинган кадрни тарқатди. Унда машинага кимдир яқинлашганида портлаш рўй берганини кўриш мумкин.