Жаҳон | 20:05
2730
7 дақиқада ўқилади

Кўринмас фронт: Исроил ва Эроннинг кибер уруши

XXI аср урушларида жанг майдони фақат қуруқлик, ҳаво ва денгиз сатҳларидан иборат эмас: урушлар энди кибермаконга ҳам кўчди. Исроил ва Эрон ўртасидаги рақамли тирашув – бунинг ёрқин намунаси. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури махсус сонида шу ҳақда ҳикоя қилинади.

Кўрсатувда Stuxnet вируси орқали Эроннинг Натанздаги уранни бойитиш инфратузилмасига зарар етказилгани, бундан хулоса чиқарган Эрон ҳам катта кибер державага айланиш йўлига ўтгани ҳақида сўз боради.

Суҳбатдошларимиз – киберхавфсизлик соҳаси мутахассиси Сауд Абдулвоҳид ва Исроил тарихи бўйича тадқиқотчи Тўйчибой Тайлақулов.

Сауд Абдулвоҳид:

Stuxnet тармоққа уланмаган тизимга қарши қўлланган ва тарихда физик инфратузилмага реал зарар етказа олган илк компютер вируси сифатида эътироф этилади. Вирус Натанздаги уран бойитиш центрифугаларининг ишлаш режимини яширин равишда ўзгартириб, уларни меъёридан ортиқ тезлаштириш ва кескин секинлаштириш орқали механик шикастланишга олиб келган. Натижада роторлар ва бошқа муҳим қисмлар издан чиқа бошлаган.

Бироқ Stuxnet'нинг аҳамияти фақат физик зарар етказганида эмас. Мутахассислар уни кибероперациялар тарихидаги энг мураккаб ва пухта режалаштирилган ҳужумлардан бири деб ҳисоблайди. Чунки бундай вирусни яратиш учун ҳужумчиларга центрифугаларнинг техник хусусиятлари, бошқарув тизимлари, айланиш тезлиги ва ишлаш алгоритмлари ҳақида жуда чуқур билим керак эди.

Шу сабабли операция ортида турган мутахассислар аввал Эрон фойдаланаётган центрифугалар ва саноат бошқарув тизимларининг ўхшаш намуналарини ўрганиб, ҳужумни реал шароитга яқин муҳитда синовдан ўтказган, деган қарашлар мавжуд. Бу уларга вируснинг қайси буйруқларни бериши, қайси параметрларни ўзгартириши ва қандай натижа юзага келишини олдиндан ҳисоблаш имконини берган.

Stuxnet ҳужумининг энг қизиқарли жиҳатларидан бири – кузатув тизимларини алдаш механизми эди. Яъни операторлар экранда центрифугалар нормал ишлаётгандек кўринаётган маълумотларни кузатган, амалда эса қурилмалар зарар кўраётган эди. Мутахассислар реал вақт маълумотлари ўрнига аввал ёзиб олинган нормал кўрсаткичларни кўришган. Шу сабабли муаммо узоқ вақт давомида аниқланмаган.

Ҳужумнинг иккинчи босқичида эса центрифугаларнинг айланиш тезлиги кескин ўзгартирилган. Айрим маълумотларга кўра, вирус частотани тахминан 1000 Hz дан 1400 Hz гача ошириб, кейин жуда паст даражага туширган. Бундай ўзгаришлар юқори тезликда ишлайдиган механик тизимларда кучли вибрация ва деформацияларга сабаб бўлиб, ускуналарнинг ишдан чиқишига олиб келади.

Энг кенг тарқалган тахминларга кўра, Stuxnet Натанз мажмуасига USB-хотира ёки бошқа кўчма қурилма орқали олиб кирилган. Бундай ҳолатда вирус бир компютердан бошқасига ўтиб, аста-секин мақсадли бошқарув тизимигача етиб борган бўлиши мумкин.

Айрим манбаларда бу жараёнда хорижий мутахассислар ёки ўзи билмаган ҳолда воситачига айланган шахслар иштирок этгани ҳақида ҳам тахминлар учрайди, бироқ бу масалада якдил хулоса мавжуд эмас. Натижа шу бўлдики, мингга яқин центрифуга ишдан чиқди ва Эроннинг уран бойитиш дастури бир неча йилга ортга сурилди.

Бу операциянинг муваффақияти ортида улкан тайёргарлик ишлари ётарди. Вирус муаллифлари центрифугалар конструкцияси, роторлар жойлашуви, электр таъминоти ва бошқарув тизимларининг ишлаш тамойилларини чуқур ўрганишга мажбур бўлган. Киберхавфсизлик соҳасида бундай ёндашув тескари инжиниринг деб аталади. Яъни тайёр технология ўрганилади ва ички ишлаш механизми босқичма-босқич таҳлил қилинади.

Кўплаб экспертларнинг фикрича, ҳакерлар Эрон фойдаланаётган ускуналарнинг ўхшаш намуналарини қўлга киритиб, уларда турли сценарийларни синаб кўрган. Шу тариқа, вирус ҳақиқий объектга етиб борганда қандай натижа бериши олдиндан текширилган. Шундан кейин энг муҳим вазифа вирусни мақсадли тизим ичига киритиш бўлиб қолган.

Stuxnet билан боғлиқ яна бир қизиқарли жиҳат – унинг синовлари қаерда ўтказилгани ҳақидаги баҳслардир. Айрим манбаларда синовлар АҚШда ўтказилгани айтилса, бошқалар Исроилдаги Димона тадқиқотлар марказида айнан Эрон фойдаланаётган ускуналарга ўхшаш тизимлар қурилганини таъкидлайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам операция улкан молиявий, техник ва логистика ресурсларини талаб қилгани шубҳасиз.

Кўпчилик тадқиқотчилар операция “Operation Olympic games” номли лойиҳа доирасида амалга оширилганини қайд этади. Бу лойиҳа Жорж Буш маъмурияти даврида бошланган ва кейинчалик Барак Обама даврида давом эттирилган. Операциянинг асосий мақсади – Эроннинг ядровий дастурини секинлаштириш ва ядро қуроли яратиш эҳтимолини имкон қадар кечиктириш эди.

Бундан ташқари, Эрон инфратузилмасига қарши киберҳужумлар фақат ядровий объектлар билан чекланмаган. Турли даврларда темирйўл тизимлари, давлат идоралари ва бошқа муҳим инфратузилмаларга қарши ҳам кибероперациялар амалга оширилган. Айрим ҳужумларда тизимлар ишдан чиқарилган бўлса, бошқаларида ахборот уруши элементи устун бўлган.

Масалан, 2021 йил июл ойида Эрон темирйўл тизимига қилинган киберҳужум пайтида вокзаллардаги электрон таблолар бузиб кирилиб, Эрон Олий раҳбари Али Хоминаий админстрациясига боғлиқ алоқа рақами кўрсатилган. Бу эса замонавий киберурушнинг мақсади фақат техник зарар етказиш эмас, балки психологик таъсир ўтказиш ҳам эканини кўрсатади.

Тўйчибой Тайлоқов:

Кўплаб сиёсатшунос ва тарихчилар 2010 йилда юз берган ушбу киберҳужумни 1945 йил билан қиёслайди. Чунки 1945 йил августида АҚШ томонидан Хиросимага атом бомбаси ташлангач, урушлар тарихида мутлақо янги давр бошланди. Энди давлатлар жанг майдонида мисли кўрилмаган вайронкор қурол – ядровий қуролдан фойдаланиш имкониятига эга эди. Орадан кўп ўтмай, Совет Иттифоқи ҳам ядро қуролини яратди ва дунё ядро пойгаси даврига кирди. 2010 йилда содир бўлган Stuxnet ҳодисаси ҳам урушлар эволюциясидаги шундай бурилиш нуқталаридан бири сифатида баҳоланади.

Унгача ҳарбий қарама-қаршиликлар тўрт жабҳада – қуруқликда, денгизда, ҳавода ва космосда олиб борилар эди. Stuxnet эса урушнинг янги майдонини намоён қилди: кибермаконни.

Шу тариқа, тарихда илк бор компютер коди физик инфратузилмага зарар етказиб, стратегик объект фаолиятини издан чиқарди. Бу эса кибермаконни замонавий урушларнинг бешинчи театри сифатида шакллантириб, давлатлар ўртасидаги рақобат ва қарама-қаршиликнинг янги босқичини бошлаб берди.

***

Кўрсатувни тўлиқ видео орқали кўришингиз мумкин. Унда Unit 8200 феномени, Эроннинг АҚШ ва Саудия Арабистонига қарши кибер операциялари ҳамда разведка ва киберурушларда сунъий интеллектнинг тобора ортиб бораётган роли ҳақида ҳам сўз боради.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид