Жаҳон | 17:54
1985
4 дақиқада ўқилади

Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди: 26 киши ҳалок бўлган

Покистон Афғонистон ҳудудига навбатдаги ҳаво зарбаларини бериб, 26 нафар жангари ўлдирилганини даъво қилди. Толибон расмийлари эса ҳалок бўлганларнинг 13 нафари тинч аҳоли вакили эканини маълум қилди.

Фото: AP Photo

10 июнга ўтар кечаси Покистон Афғонистон ҳудудига навбатдаги ҳаво зарбаларини берди. Бу ҳақда хабар берган Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарарга кўра, тўқнашувларда 26 нафар жангари ўлдирилган.

Тарар ҳарбийлар чегара бўйлаб Покистон Толибонининг яширин жойлари ва хавфсиз бошпаналарини нишонга олган ҳолда аниқ зарбалар берганини билдирди.

«26 нафар жангчи йўқ қилинди. Тўртта нишон, жумладан, ўқув маркази, ўқ-дори омбори ҳамда "TTP" қўмондонлари АлимХан Хушали ва Ахтар Муҳаммад Жани билан боғлиқ позициялар вайрон этилган» дея Покистон расмийсининг сўзларини келтирмоқда Al Jazeera нашри.

Тарар Покистоннинг зарбаларини ишончли разведка маълумотларига асосланган, пухта ҳисоб-китоб қилинган ва аниқ йўналтирилган зарбалар деб таърифлади.

Унинг таъкидлашича, ушбу операциялар сўнгги пайтларда содир этилган бир қатор ҳужумларга жавобан амалга оширилган.

Булар қаторига 9 июнь куни Муса Дарадаги ҳарбийлаштирилган постга қилинган ҳужум, 2 июнь куни Шимолий Вазиристондаги худкушлик ҳужуми ва 9 май куни Банну шаҳридаги полиция маҳкамасида содир этилган худкушлик портлаши киради.

Толибон болалар ўлдирилганини билдирди

Бироқ, Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг бош матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид қурбонлар орасида тинч аҳоли вакиллари борлигини қайд этди. Хусусан, Мужоҳидга кўра, Кунар, Хост ва Пактика провинцияларига Покистон уюштирган ҳужумлари оқибатида 11 бола, бир аёл ва бир кекса киши ҳалок бўлган. Яна 14 нафар аёл ва болалар жароҳатлангани айтилмоқда.

«Биз ушбу ҳуманитар жиноят ва тажовузкорлик ҳаракатини кескин қоралаймиз», деди Толибон расмийси.

Афғонистон-Покистон чегарасидаги нисбатан хотиржам даврдан кейин юз берган ушбу ҳужумлар сўнгги ҳафталардаги энг кўп қурбон келтирган ҳолат бўлди.

Хост провинцияси расмийсининг AFPга айтишича, Спера туманидаги уйга зарба берилгани оқибатда тўққиз киши ҳалок бўлгани ва 10 киши жароҳатланган.

Қўшни Пактика провинциясида эса ҳужум оқибатида уч нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Маҳаллий аҳоли вакилига кўра, ҳаво ҳужуми турар жой биносига теккан ва ҳалок бўлганларнинг барчаси болалар бўлган.

«Жавоб зарбалари эди»

Ушбу ҳаво зарбалари "TTP" жангчилари деб гумон қилинган шахслар Покистон шимоли-ғарбида – Хайбер-Пахтунхва провинциясидаги хавфсизлик постига ҳужум қилганидан бир кун ўтиб юз берди. Покистон ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур ҳужум шиддатли отишмага сабаб бўлган ва унда ҳарбийлашган полиция кучларининг олти нафар аъзоси ҳалок бўлган, яна бир неча киши яраланган.

2026-06-10 17.57.41
Фото: Getty Images

2021 йилда Толибон иккинчи марта ҳокимиятга келганидан бери Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолмоқда. Февраль ойи охирида Афғонистон Покистоннинг ҳаво ҳужумларига жавобан чегара оша ҳужум бошлаган, шундан кейин ҳарбий ҳаракатлар кескин кучайиб кетганди.

Исломобод Кобулни ҳалокатли ҳужумлар уюштираётган жангчиларга, айниқса Покистон Толибони гуруҳига бошпана беришда айблайди. Афғонистон расмийлари эса бу айбловни рад этиб, аксинча, Покистон душман гуруҳларни ўз бағрига олгани ва Афғонистон суверенитетини ҳурмат қилмаётганини таъкидламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти май ойида эълон қилган ҳисоботида маълум қилишича, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида чегараолди тўқнашувлари оқибатида камида 372 нафар афғонистонлик тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 397 нафари жароҳатланган. Март ойида эришилган мўрт сулҳ – ҳар икки томон бир-бирини уни бузганликда айблаганидан кейин барбод бўлди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид