Жамият | 09:45
2510
2 дақиқада ўқилади

Сергелида каналда оқиб кетаётган икки қизалоқ қутқариб қолинди

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида Қорасув канали оқимига тушиб кетган икки нафар қизалоқ темирйўл ходимининг жасорати ва тезкор ҳаракати туфайли ҳалокатдан қутқариб қолинди.

Ҳодиса 9 июнь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Тошкент минтақавий темирйўл узели филиали Тошкент темирйўл масофаси корхонасида фаолият юритувчи темир йўл созловчиси Аъзам Иброҳимов хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлган.

Маълум қилинишича, у Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорасув канали яқинида иш олиб бораётган пайтда сув оқимида оқиб кетаётган ва ёрдам сўраб чақирган икки нафар қизалоқни кўриб қолган.

Вазиятнинг хавфли эканини англаган темирйўлчи зудлик билан ҳаракат қилиб, каналга тушган ва кучли оқим таъсирида қолган болаларни сувдан олиб чиққан. Шу тариқа икки қизалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Қайд этилишича, Аъзам Иброҳимовнинг жасорати, матонати ва фидокорона ҳаракати “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланган. Унга ташаккурнома, эсдалик совғаси ҳамда пул мукофоти топширилган.

Мутасаддилар бу каби ҳолатларда фуқароларни сув ҳавзалари яқинида эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид