Жамият | 09:15
3012
2 дақиқада ўқилади

Терроризмни молиялаштирган 8 нафар шахсга суд ҳукми ўқилди

Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида яшовчи 8 нафар фуқаро Суриядаги террористик ташкилот фаолиятини молиялаштиргани учун суд томонидан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазоларига ҳукм қилинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан Ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида терроризмни молиялаштириш билан шуғулланган бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи, 1987–1998 йилларда туғилган 8 нафар фуқаро Суриядаги «Ғуроба катибаси» террористик ташкилоти билан боғлиқ бўлган Қирғизистон фуқароси Абдулмуҳсин Усмоновнинг ғоявий-психологик таъсирига тушиб, унга тегишли ҳисоб рақамларига пул ўтказиб келган.

Тергов маълумотларига кўра, «Саад Мухтор» тахаллуси билан танилган мазкур шахс «Telegram» мессенжери орқали Фаластинда жабр кўрган мусулмонларга ёрдам бериш баҳонасида хайрия маблағлари йиғган. Бироқ тўпланган маблағлар аслида Суриядаги террорчи гуруҳлар эҳтиёжлари учун сарфланган.

Суд ҳукмига мувофиқ, қонунбузарларнинг етти нафари 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Яна бир нафар шахсга эса 4 йил 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 155-3-моддасига кўра, терроризмни молиялаштириш жинояти учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган шубҳали хайрия чақириқларига ишонмасликка чақириб, маблағ ўтказишдан олдин уларнинг ҳақиқий мақсади ва қонунийлигини текшириш зарурлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид