Ўзбекистон | 18:07
671
2 дақиқада ўқилади

Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Қонун билан реновация асослари, турлари, ташаббуси, компенсация тартиби ва шакллари белгиланди.

Фото: Kun.uz / Мирзаёр Эркинов

«Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Қонунга кўра, шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун қуйидагилар асос бўлади:

- шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жойларнинг эскирганлиги, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолганлиги;

 - ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги.

Шаҳарсозлик реновацияси қуйидаги турлардан иборат:

- мавжуд объектни асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиш;

- мавжуд объектни бузиш ва бўшаган ер участкасида бузилган объект тоифасидаги янги объектни қуриш;

- яшил ҳудудларни ва бошқа ҳудудий зоналарни ташкил этиш.

Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш бўйича таклиф қуйидаги субъектлар ташаббусига кўра киритилиши мумкин:

- давлат ташаббусига кўра;

- ҳуқуқ эгаларининг ташаббусига кўра;

- учинчи шахсларнинг ташаббусига кўра.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида шаҳарсозлик реновациясини қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.

Қонунга кўра, ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама реновация лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилган кундан эътиборан 2 ой ичида ўтказилади. Очиқ муҳокамада объектларни реновация лойиҳасига киритиш учун ҳар бир объект эгаларининг камида 4/5 қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилигини олиш реновацияни амалга оширишнинг мажбурий шартларидан биридир.

Мулк эгаси реновация лойиҳасини амалга оширишда ўз хоҳишига кўра компенсация олиши ёки ҳисса қўшувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

Компенсация қуйидаги шаклларга эга бўлган кетма-кетликда бўлиши мумкин:

- шаҳарсозлик реновацияси амалга ошириладиган ҳудудда янги қуриладиган турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;

- бошқа жойдан турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;

- пул маблағлари;

- келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид