Жаҳон | 10:45
2438
3 дақиқада ўқилади

Арманистонда сайлов овозлари қайта саналди

Арманистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайловларида иштирок этган сайлов участкаларининг қарийб учдан бир қисмида овозларни қайта санаб чиқди. Қайта ҳисоб-китоблардан сўнг айрим партия ва блокларнинг натижалари ўзгарган бўлса-да, умумий сиёсий манзарага сезиларли таъсир кўрсатмаган.

Фото: AP

Арманистон Марказий сайлов комиссияси 7 июн куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижалари бўйича қайта ҳисоблаш ишларининг дастлабки якунларини эълон қилди.

Комиссия маълумотларига кўра, мамлакат бўйича фаолият юритган 2005 та сайлов участкасидаги овоз бериш натижаларидан 637 таси қайта санаб чиқилган. Бу умумий участкаларнинг қарийб учдан бир қисмига тўғри келади.

Қайта ҳисоблаш натижасида Россияга мойил деб баҳоланаётган «Кучли Арманистон» мухолифат блокининг натижаси 508 та овозга ошган ва жами 340 088 та овозни ташкил этган. Ушбу сиёсий кучга арман миллатига мансуб россиялик миллиардер Самвел Карапетян раҳбарлик қилади.

Шунингдек, тадбиркор Гагик Царукян етакчилик қилаётган «Фаровон Арманистон» партияси натижасига 147 та овоз қўшилиб, умумий кўрсаткич 58 378 тага етган.

Бош вазир Никол Пашинян раҳбарлигидаги ҳукмрон «Фуқаролик шартномаси» партияси ҳам қайта ҳисоблашдан кейин 1148 та қўшимча овоз олган ва умумий натижа 727 820 та овозга етган.

Собиқ президент Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон» блоки эса 217 та қўшимча овоз билан 145 113 та овоз тўплаган.

Марказий сайлов комиссияси маълум қилишича, қайта ҳисоблаш жараёнида аниқланган номувофиқликлар сони 1279 тадан 1509 тага етган. Бироқ ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сони 17 097 тадан 16 238 тага камайган.

Шунингдек, 12 июн куни комиссия учта сайлов участкасидаги овоз бериш натижаларини ҳақиқий эмас деб топган. Сайловнинг якуний натижалари 14 июн куни расман тасдиқланиши кутилмоқда.

Қайта ҳисоблаш мухолифат талаби билан бошланган

Овозларни қайта санаш жараёнини парламент сайловларида иккинчи ўринни эгаллаган «Кучли Арманистон» блоки талаб қилган.

Партия вакили Арам Вардеваяннинг таъкидлашича, эҳтимолий қонунбузилишлар ҳақидаги маълумотлар туфайли Марказий сайлов комиссияси қайта ҳисоблаш ўтказиши лозим бўлган.

Блок раҳбари Самвел Карапетян сайловларни «шармандали» деб атаб, овоз бериш жараёнида қатор қонунбузилишлар содир этилганини иддао қилган.

Маълумот учун, Карапетян ўтган йилдан буён давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриш айби билан уй қамоғида сақланмоқда. У мазкур айбловларни сиёсий босим сифатида баҳолаб келади.

Пашинян партияси сайловда ғалаба қозонган

Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, парламент сайловларида Бош вазир Никол Пашинян раҳбарлигидаги ғарбпараст «Фуқаролик шартномаси» партияси 49,81 фоиз овоз тўплаб, ишончли ғалабага эришган.

«Кучли Арманистон» блоки 23,29 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган.

Собиқ президент Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон» блоки 9,94 фоиз, «Фаровон Арманистон» партияси эса 4 фоиз овоз олган.

Сайловларда иштирок даражаси 58,97 фоизни ташкил этган бўлиб, бу 2018 ва 2021 йиллардаги парламент сайловларига нисбатан юқорироқ кўрсаткич ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид