Жаҳон | 09:45
1660
3 дақиқада ўқилади

Эроннинг миллиардлаб долларлик маблағлари атрофида баҳс кучайди

Reuters агентлиги манбаларига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари Эроннинг хорижий банкларда музлатиб қўйилган миллиардлаб долларлик нефт даромадларини озод қилишга розилик берган. Бироқ БАА Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни қатъий рад этди.

Фото: REUTERS

Reuters агентлиги 12 июн куни кечқурун тарқатган маълумотга кўра, Бирлашган Араб Амирликлари Эроннинг хорижий банкларда сақланаётган ва АҚШ санкциялари сабаб музлатиб қўйилган ўнлаб миллиард долларлик маблағларини озод қилиш бўйича қарор қабул қилган.

Нашр билан суҳбатлашган тўрт манбанинг таъкидлашича, мазкур қарор Эроннинг БАА ҳудудига қарши амалга ошираётган тўғридан тўғри ҳужумларини тўхтатиш мақсадида қабул қилинган.

Манбалардан бирига кўра, БАА ташқи сиёсати минтақада кескинликни камайтириш, вазиятни барқарорлаштириш ҳамда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш тамойилларига асосланади.

Шу билан бирга, манбалар маблағлар ҳажми борасида турлича маълумот берган. Уларнинг икки нафари 10 миллиард доллар ҳақида гапирган бўлса, бошқалари бу рақам 20 миллиард долларга яқин эканини билдирган.

Reuters маълум қилишича, ушбу маблағларнинг дастлабки транши сифатида 3 миллиард доллардан ортиқ маблағ аллақачон Эрон томонига ўтказилган бўлиши мумкин.

Манбаларнинг айтишича, маблағларни озод қилиш эвазига Теҳрон БАА ҳудудига ракета ва дронлар билан ҳужумларни тўхтатиш мажбуриятини олган. Reuters эслатишича, бундай ҳужумларнинг охиргиси 4 май куни Уммон кўрфазида жойлашган Фужайра портига қарши амалга оширилган.

БАА маълумотларни рад этди

Reuters хабари эълон қилинганидан сўнг Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги мазкур маълумотларни рад этди.

Вазирликнинг стратегик коммуникациялар департаменти раҳбари Афра ал-Ҳамелийнинг маълум қилишича, тарқатилган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Унинг таъкидлашича, ҳеч қандай музлатилган Эрон маблағлари озод қилинмаган, ўтказилмаган ёки БАА банк тизими орқали ҳаракатлантирилмаган.

Шу билан бирга, Reuters агентлиги ҳам мазкур маблағлар айнан БАА маблағларими ёки мамлакат банк тизимида сақланаётган Эрон активларими, деган масалага аниқлик кирита олмаганини билдирган.

АҚШ ва Эрон ўртасида тинчлик келишуви муҳокама қилинмоқда

Бу хабар АҚШ ва Эрон ўртасида эҳтимолий тинчлик келишуви муҳокамалари фаоллашган бир пайтда тарқалди.

Аввалроқ Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик келишувининг якуний матни келишилганини маълум қилган эди. AFP агентлигига кўра, АҚШ маъмурияти келишувнинг яқин кунларда имзоланиши эҳтимолини 80–85 фоизга баҳоламоқда.

Эроннинг Mehr агентлиги эса 14 банддан иборат меморандум лойиҳасини эълон қилди. Унда ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш, АҚШ қўшинларини Эрон чегаралари яқинидан чиқариш, Эрон портларига қўйилган чекловларни бекор қилиш ва Ҳўрмуз бўғозини 30 кун ичида қайта очиш каби шартлар назарда тутилган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчининг билдиришича, келишувнинг кейинги босқичида мамлакат ядровий дастури ва АҚШ санкцияларини бекор қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид