Соғлом ҳаёт | 14:05
951
3 дақиқада ўқилади

Жуда иссиқ об-ҳаво ҳомиладорликка қандай таъсир кўрсатади?

Ҳисоб-китобларга кўра, ёз ойларида содир бўладиган муддатидан олдинги барча туғуруқларнинг 1,41 фоизи юқори ҳарорат билан боғлиқ. Ўртача даражадаги иссиқ кунларда бу хавф 2,8 фоизга, ўта иссиқ кунларда эса 3,8 фоизга ошади.

Янги тадқиқот натижалари ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар юқори ҳароратга сезгир эканини кўрсатмоқда. Таъкидланишича, иссиқ об-ҳаво муддатидан олдин туғуруқни келтириб чиқариши мумкин бўлган экологик омиллардан бири ҳисобланади.

Илмий тадқиқот хулосаси Environment International журналида чоп этилди. Унда 1979–2019 йиллар оралиғида 13 давлатнинг 250 та шаҳри ва аҳоли пунктида ёз мавсумида кузатилган 36,6 миллион туғуруқ таҳлил қилинди.

Тадқиқот ўтказилган давлатлар орасида энг юқори кўрсаткич Парагвайда қайд этилган: бу ерда иссиқ мавсумда ҳар бир миллион туғуруққа 1347 та муддатидан олдин туғуруқ тўғри келган. Иккинчи ўринда АҚШ бўлиб, ҳар миллион туғуруқда 1289 та муддатидан олдин туғуруқ кузатилган. Учинчи ўрин эса Бразилияга тегишли бўлиб, бу кўрсаткич ҳар миллион туғуруққа 1174 тани ташкил этган.

Тадқиқот ўтказилган жами 13 мамлакат ичида энг паст кўрсаткич Швейцарияда қайд этилган: иссиқ мавсумдаги ҳар миллион туғуруққа 628 та муддатидан олдин туғуруқ.

pasted-image-1781339941204

Бироқ иссиқнинг таъсири барча ҳомиладор аёлларда бир хил эмас. Тадқиқот муаллифларига кўра, юқори ҳароратга сезувчанликка иқлим шароити, ижтимоий-иқтисодий омиллар ва соғлиқни сақлаш тизимининг сифати таъсир кўрсатади. Хусусан: ёш, ёлғиз, таълим даражаси паст ва мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитда яшовчи аёллар иссиқ туфайли муддатидан олдин туғуруқ хавфига кўпроқ дуч келиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг энг хавфли даври 31-ҳафтадан 40-ҳафтагача бўлган муддат ҳисобланади. Айнан шу босқичда муддатидан олдин туғуруқ эҳтимоли юқорироқ бўлади.

Хўш, иссиқ об-ҳаво қандай қилиб эрта туғуруқни келтириб чиқаради?

Қайд этилишича, жазирама об-ҳаво тана ҳароратини оширади ва бачадон қисқаришларини қўзғатади. Иссиқ туфайли юзага келадиган сувсизланиш организмдаги кальций ва магний каби муҳим минераллар мувозанатини бузади ҳамда йўлдошга қон оқимини камайтиради.

Ҳомиладор аёллар танаси ҳомила ўсиши ҳисобига одатдагидан кўпроқ иссиқлик ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, вазн ортиши туфайли тананинг ушбу иссиқликни ташқарига чиқариш қобилияти пасаяди.

Бундан ташқари, юқори ҳарорат яллиғланиш жараёнларини фаоллаштиради ва ҳужайраларда кислороднинг фаол шакллари ҳосил бўлиши ҳамда тўпланиши ўртасидаги мувозанатни издан чиқаради. Бу эса ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, бачадон бўйнининг тезроқ етилишига сабаб бўлиши мумкин.

Жазирама шароитида ҳомиладор аёлларга кун давомида тез-тез сув ичиш, иссиқ пайтда кўчага чиқмаслик, салқин жойда бўлиш, енгил овқатланиш (салат, мева, қатиқ) тавсия этилади. Кун уриши аломатлари бўлганда (бош айланиши, кўнгил айниши, қаттиқ ҳолсизлик, юрак тез уриши ёки ҳушдан кетишга яқин ҳолатлар), дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид