Ўзбекистон | 10:00
717
2 дақиқада ўқилади

Суд экспертларининг давлат реестри юритилади

Ўзбекистонда суд-экспертлик фаолиятини тартибга солишга қаратилган янги қонун қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, суд экспертларининг давлат реестри юритилади ва соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланади.

Фото: iStock

“Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ–1152-сон) қабул қилинди.

Қонуннинг асосий мақсади суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ҳужжатга кўра, давлат ва нодавлат суд эксперти лавозимини олий маълумотга эга бўлган, муайян суд-эксперт ихтисослиги бўйича махсус тайёргарликдан ўтган ҳамда суд экспертизасини ўтказиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома (сертификат) олган Ўзбекистон фуқаролари эгаллаши мумкин.

Янги тартибга мувофиқ, суд экспертларининг давлат реестри Адлия вазирлиги томонидан юритилади.

Қонунда суд-экспертлик фаолиятининг ташкилий шакллари ҳам белгилаб берилган. Улар қаторига давлат суд-экспертиза муассасалари, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, суд-экспертлик бюролари, ўз йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи илмий ва олий таълим муассасалари, шунингдек, суд эксперти сифатида иштирок этувчи бошқа ташкилот ходимлари ва жисмоний шахслар киради.

Шунингдек, қонунда Ўзбекистон суд экспертлари палатасининг ҳуқуқий мақоми ҳам белгиланган. Палата суд экспертларининг аъзолигига асосланган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид