Спорт | 12:20
2836
4 дақиқада ўқилади

Туркия жаҳон чемпионатини мағлубият билан бошлади

Винченцо Монтелла шогирдлари 30 марта зарба йўллади, аммо бирорта гол ура олмади.

Фото: Getty Images

Австралия – Туркия 2:0
Голлар:
Иранкунда, 27 (1:0). Меткалф, 75 (2:0)
Австралия: Бич, Чиркати, Суттар, Бержесс, Бос (Беҳич, 84), Италяно (Герия, 74), О`Нилл, Окон-Энгстлер (Ирвайн, 84), Иранкунда (Велупиллай, 61), Меткалф, Туре (Енги, 74)
Туркия: Угуржан Чақир, Мериҳ Демирал, Абдулкарим Бардакчи, Ферди Кадиўғли, Зеки Челик (Мерт Мулдур, 81), Ҳоқон Чалхонўғли, Исмоил Юксек (Ўзжан, 81), Ўрхун Кўкчи (Юнус Оқгун, 62), Бариш Йилмаз (Кенан Йилдиз, 46), Арда Гулер, Карим Оқтуркўғли (Гуль, 85)
Огоҳлантириш: Юнус Оқгун, 86

D гуруҳида АҚШдан кейин иккинчи ўрин билан плей-оффга чиқиши тахмин қилинган Туркия кутилмаганда Австралияга ютқазиб қўйди. 

Австралия олдиндан кутилганидек прагматик ўйин намойиш этди ва стандарт вазиятларга таяниб ўйнади. Турклар эса тўпга эгалик қилишди – жамоа сафидаги Йилдиз, Гулер ва Чалхонўғли жамоадошлари учун кетма-кет вазиятлар яратиб беришди.

Ўйиннинг 27-дақиқасида Гулер рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиб, кучли зарба йўллади. Аммо дарвозабон ишончли ҳаракат қилди. Айнан у осиёликларнинг тезкор ҳужумини бошлаб берди ва бу ҳужум Иранкунда ҳисобни очиши билан якунланди.

 Турклар тезда ҳисобни тенглаштириши мумкин эди: Бардакчи тахминан 25 метр масофадан кучли зарба йўллади, аммо дарвозабон яна қутқарди. Бўлим давомида туркларга омад етишмади.

Иккинчи бўлимда вазият ўзгармади. Австралияликлар ҳисобдан келиб чиқиб ҳаракат қилишди ва чуқур ҳимояланишди. 57-дақиқада Гулер яна бир бор жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади, дарвозабон яна ўз ўрнида.

Турклар рақибни майдоннинг иккинчи қисмига ўтказишмади ва ҳужум ортидан ҳужум уюштиришди, аммо бундан наф чиқмади. Австралияликлар мудофаа чизиғи ишончли ҳаракат қилди, тўп улардан ўтганида эса дарвозабон хавфни бартараф этди. Винченцо Монтелла футболчиларни алмаштириш орқали вазиятни ўзгартиришга уринди, аммо бу ҳам фойда бермади.

Иккинчи бўлим ўрталарига келиб турклар рақиб дарвозасига берган зарбалар сони 20 дан ошганди, аммо гол йўқ эди. Рақибнинг иккинчи хавфли ҳужумида эса иккинчи гол ўтказиб юборилди. Туркларга бу эпизодда ҳам омад кулиб боқмади ва рикошет орқали тўп бўш турган Меткалфга келиб тушди, у тўпни жарима майдони ичига олиб кирди ва яқин бурчакка аниқ зарба берди. Бу бутун ўйин давомида устунлик қилган турклар учун оғир зарба бўлди ва ўйин тақдири амалда ҳал бўлди.

Туркия барча кўрсаткичлар бўйича яққол устунликка эришди – зарбалар сони бўйича 30:9 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар 8:4), xG бўйича 1,50 га қарши 0,81, тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи турклар фойдасига 71/29. Аммо вазиятлардан фойдалана олмаслик жамоага панд берди.

Шу тариқа, 1-тур ўйинларидан кейин Австралия АҚШ билан бирга D гуруҳида етакчилик қилмоқда. Кейинги турни Туркия 20 июн куни Парагвайга қарши ўтказади, Австралия ўша куни турнир мезбонларига қарши майдонга тушади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид