Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Арманистон собиқ президентига мамлакатдан чиқиш тақиқланди
Арманистоннинг собиқ президенти ва «Арманистон» мухолифат блоки раҳбари Роберт Кочарян мамлакатни тарк эта олмади. У Ереван аэропортида самолётга чиқиш арафасида ўзининг хорижга чиқиши тақиқланганидан хабар топган. Бу воқеа мамлакатдаги парламент сайловларидан кейинги сиёсий жараёнлар фонида юз бермоқда.
Кочаряннинг офиси маълум қилишича, собиқ президент 14 июн куни Еревандаги «Звартноц» халқаро аэропорти орқали мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлган. Бироқ чегара назорати ходимлари унга Арманистонни тарк этиш тақиқланганини маълум қилган.
Кочарян офиси раҳбари Баграт Микояннинг таъкидлашича, собиқ президентга чиқиш тақиқининг сабаблари тушунтирилмаган. Унинг айтишича, Кочарян хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган қисқа хусусий сафарга йўл олган. Бироқ сафарнинг аниқ йўналиши ёки мақсади очиқланмаган.
Бу воқеа Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг коррупция ва сайлов жараёнларидаги қонунбузарликларга қарши кураш ҳақидаги баёноти билан бир вақтга тўғри келди. Пашинян ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеомурожаатида 7 июн куни бўлиб ўтган парламент сайловлари вақтида овоз сотиб олиш ҳолатлари кузатилганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, пора тарқатиш билан шуғулланган шахслар ва гуруҳларга қарши қатъий чоралар кўрилади.
«Пора тарқатган кучларга бошқа имконият берилмайди. Бу ҳақда халқ ўз овози билан қарор чиқарди», — деди Пашинян.
Шу билан бирга, мамлакатдаги йирик тадбиркор ва «Фаровон Арманистон» партияси раҳбари Гагик Царукянга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилган. Бош прокуратура уни айниқса йирик миқдорда солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбламоқда. Царукян ҳам мамлакатни тарк этишга уринганида чиқиш тақиқлангани ҳақида хабардор қилинган.
Роберт Кочарян 1998–2008 йилларда Арманистон президенти лавозимида ишлаган. Кейинчалик у Россиянинг йирик инвестиция компанияларидан бири бўлган АФК «Система» раҳбариятида фаолият юритган.
2021 йилда у «Дашнакцутюн» ва «Тикланаётган Арманистон» партиялари негизида ташкил этилган «Арманистон» сиёсий блокига раҳбарлик қилди. Мазкур блок Россияга мойил сиёсий позицияси билан танилган. Айрим таҳлилчилар Кочарянни Россия президенти Владимир Путинга яқин сиёсатчилардан бири сифатида баҳолайди.
Кочарян, шунингдек, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг биринчи раҳбари сифатида ҳам маълум. У мазкур ҳудудда туғилган ва Қорабоғдаги сепаратистик ҳаракат етакчиларидан бири бўлган.
14 июн куни Арманистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайловларининг якуний натижаларини эълон қилди. Натижаларга кўра, Никол Пашинян бошчилигидаги «Фуқаролик шартномаси» партияси парламентда 107 ўриндан 64 тасини қўлга киритиб, мутлақ кўпчиликни таъминлади.
Оппозициядаги «Кучли Арманистон» блоки 29 ўринга, Роберт Кочарян раҳбарлик қилаётган «Арманистон» блоки эса 12 ўринга эга бўлди. Илк ҳисоб-китобларда парламентга кириши мумкин деб баҳоланган «Фаровон Арманистон» партияси эса овозларни қайта санаш натижасида 4 фоизлик тўсиқдан ўта олмагани маълум бўлди.
Кузатувчилар фикрича, сайловлардан кейинги ушбу воқеалар Арманистондаги ички сиёсий рақобат ва коррупцияга қарши кураш атрофидаги баҳсларни янада кучайтириши мумкин.
Мавзуга оид
15:04 / 13.06.2026
Шавкат Мирзиёев Никол Пашинянни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
10:45 / 13.06.2026
Арманистонда сайлов овозлари қайта саналди
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
16:54 / 09.06.2026