Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Денгиз ўртасидаги шаҳарлар: дунёдаги энг йирик нефт платформалари
Дунё океанлари қаъридаги нефт ва газ захираларини ўзлаштириш учун инсоният улкан муҳандислик иншоотларини барпо этган. Уларнинг айримлари баландлиги, оғирлиги ёки ишлаш чуқурлиги бўйича ҳақиқий рекордчилар ҳисобланади.
Замонавий денгиз нефт-газ платформалари муҳандислик санъатининг энг йирик намуналаридан бири саналади. Бу мажмуалар бурғулаш ускуналари, хомашёни қайта ишлаш тизимлари, сақлаш резервуарлари ва юзлаб мутахассислар яшайдиган турар жой блокларини ўзида мужассам этади.
Очиқ денгиздаги қаттиқ шамоллар, баланд тўлқинлар ва экстремал иқлим шароитига қарамай, ушбу иншоотлар йиллар давомида узлуксиз ишлайди.
Hibernia — айсбергларга қарши қурилган гигант
Канаданинг Ньюфаундленд оролидан тахминан 315 километр шарқда жойлашган Hibernia платформаси тарихдаги энг оғир денгиз нефт платформаларидан бири ҳисобланади.
Платформанинг эксплуатация вақтидаги умумий оғирлиги 600 минг тоннадан ортиқ бўлиб, бетон конструкцияси, балласт ва сақланаётган суюқликлар билан бирга вазни 1 миллион тоннадан ошиб кетади.
Муҳандислар уни шундай лойиҳалаштирганки, Hibernia 1 миллион тонна оғирликдаги айсберг билан тўқнашувга ҳам бардош бера олади. Ҳатто 6 миллион тонна вазнга эга айсберг билан тўқнашганда ҳам иншоот таъмирлаш мумкин бўлган даражада зарар кўради.
Бугунги кунда Hibernia Канаданинг энг муҳим нефт қазиб олиш объектларидан бири бўлиб қолмоқда.
«Беркут» — Россиянинг субарктика гиганти
Россиянинг Сахалин ороли яқинида жойлашган «Беркут» платформаси дунёдаги энг йирик нефт-газ иншоотларидан бири ҳисобланади.
Унинг умумий оғирлиги 200 минг тоннадан ошади. Лойиҳа ExxonMobil, «Роснефть», Япония ва Ҳиндистон компаниялари иштирокида амалга оширилган бўлиб, қурилиш қиймати тахминан 12 миллиард долларга баҳоланади.
Платформа учун 52 минг куб метр бетон ва 27 минг тонна пўлат сарфланган.
«Беркут» минус 44 даража совуқда ва 18 метр баландликдаги тўлқинларда ҳам ишлай олади. Унинг узунлиги 105 метр, кенглиги 60 метр ва умумий баландлиги 144 метрни ташкил этади.
Troll A — инсон кўчирган энг баланд иншоотлардан бири
Норвегия қирғоқлари яқинидаги Шимолий денгизда жойлашган Troll A платформаси инсоният томонидан бир жойдан бошқа жойга кўчирилган энг баланд иншоотлардан бири сифатида тан олинган.
Унинг 369 метрдан ортиқ қисми сув сатҳидан пастда жойлашган.
Платформа юқори мустаҳкам бетон, пўлат арматура ва махсус трослардан қурилган бўлиб, Troll газ конидан табиий газ қазиб чиқариш учун хизмат қилади.
Мутахассислар уни денгиз платформалари қурилиши тарихидаги энг катта муҳандислик ютуқларидан бири деб ҳисоблайди.
Perdido — дунёдаги энг чуқур нефт платформаси
Мексика қўлтиғида жойлашган Perdido платформаси дунёдаги энг чуқур денгиз нефт платформаси ҳисобланади.
Shell компанияси томонидан бошқариладиган мазкур иншоот тахминан 2450 метр чуқурликдаги сув устида жойлашган.
У 2300–3000 метр чуқурликдаги қудуқлар билан боғланган бўлиб, нефт ва газ қазиб олади.
Шу сабабли Perdido инсоният яратган энг мураккаб денгиз бурғулаш объектларидан бири сифатида эътироф этилади.
Petronius — баландлиги 610 метрга етадиган иншоот
Мексика қўлтиғида жойлашган Petronius платформаси Ер юзидаги энг баланд мустақил иншоотлардан бири ҳисобланади.
Денгиз тубидан юқори қисмигача бўлган умумий баландлиги қарийб 610 метрни ташкил қилади.
Платформа қаттиқ маҳкамланган эмас. У махсус равишда тўлқинлар ва оқимлар таъсирида бироз эгилиш имконига эга қилиб қурилган.
Бу ечим кучли бўронлар пайтида конструкциянинг барқарорлигини таъминлайди.
Olympus — кунига 100 минг баррел нефт
Olympus платформаси (Mars B номи билан ҳам танилган) Мексика қўлтиғидаги Mars конида фаолият юритади.
У юқори ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бир суткада 100 минг баррелгача нефт қазиб чиқариши мумкин.
2014 йилга келиб мазкур кондан 700 миллион баррелдан ортиқ нефт олинган.
Платформада ишлаб чиқариш блоклари, бурғилаш мажмуалари ва 200 нафарга яқин мутахассис учун яшаш шароитлари мавжуд.
Stones FPSO — энг чуқур сувдаги нефт лойиҳаси
АҚШнинг Янги Орлеан шаҳри қирғоқларидан 320 километр узоқликда жойлашган Stones FPSO комплекси дунёдаги энг чуқур сувда ишлайдиган нефт-газ лойиҳаси ҳисобланади.
У 2896 метр чуқурликда фаолият юритади.
FPSO туридаги платформалар нефт ва газни тўғридан тўғри денгизда қайта ишлайди, сақлайди ва кейинчалик танкерларга юклаб беради.
Денгиз нефт платформалари қандай ишлайди?
Денгиз нефт платформаларини океан ўртасида қурилган кичик саноат шаҳарчасига қиёслаш мумкин.
Бундай мажмуаларда бурғулаш ускуналари, қайта ишлаш тизимлари, бошқарув марказлари ва турар жой модуллари мавжуд бўлади.
Ходимлар платформанинг ўзида яшайди, зарур юклар ва мутахассислар эса вертолётлар ҳамда таъминот кемалари орқали етказиб берилади.
Қуруқликдан узоқда жойлашгани учун хавфсизлик тизимлари, авария жиҳозлари ва қўллаб-қувватловчи кемалар бундай объектлар фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Технологиялар тараққий этиши билан бирга денгиз тубида жойлашган автоматлаштирилган қазиб олиш комплекслари ҳам тобора кенг қўлланмоқда.