Спорт | 15:15
2204
6 дақиқада ўқилади

Африкача мастер-класс: Кабо-Вердедан нималарни ўрганиш керак?

ЖЧда илк катта сенсация қайд этилди. Африканинг Кабо-Верде жамоаси мусобақа фаворити Испания билан ўйинда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Бутун ўйин давомида ҳужум қилган «Қизил фурия» эндиликда бемалол замонавий футбол афсонаси дейишга арзийдиган Возиня дарвозасига йўл топа олмади. Бу ўйин посбонга шунақа катта машҳурлик олиб келдики, унинг Instagramʼдаги ўқувчилари сони 56 мингдан қарийб 6 миллионгача етди.

Илҳом берувчи қаҳрамонлар

Испания ва Кабо-Верде ўйинидан аввал кўпчиликни иккита савол ўйлантираётганди: Ямал ўйинга тушармикин? Испания Германиядан кўпроқ гол урармикин? Лекин кутилмалар ўзини оқламади. Де ла Фуэнте шогирдлари тотал доминантлик қилиб ҳам гол ура олмади. Ҳатто Ферран Торрес гол уролмади, шундан билиб олаверинг ўйин қандай омадсиз кечганини.

Испанларнинг Евро финалидаги ғалаба голини урган Микел Оярсабал эса дастлабки 30 дақиқада бирор марта тўпга тегмай, ЖЧлари антирекордини ўрнатди. Испания бу ўйинда энг кўп гол уриш бўйича рекорд қўйишини тахмин қилишгандир, лекин бунақа антирекордни ҳеч ким кутмагани аниқ. Қишлоқдаги ўйинларда ҳамма билан жанжаллашадиган болаларга ҳеч ким тўп узатишни истамасди, кеча «Реал Сосиедат» ҳужумчиси шу аҳволга тушди.

Испания бутун ўйин давомида 23 марта дарвоза соҳасига зарба йўллади, улардан 8 таси аниқ чиқди. Кабо-Верде эса биттагина аниқ зарба бера олди. Тўп назорати ҳам Испанияга хос: 62 га 38. Баъзи манбалар испанлар бундан ҳам кўпроқ тўп назорат қилганини кўрсатган. Узатмалар сони-ю, аниқлигини таққослаб ҳам бўлмайди. Лекин африкаликлар дарвозасини қўриқлаган Португалия иккинчи дивизион жамоаси дарвозабони Возиня шу куни испанларга қарши Буффонга айланди. Ямал ҳам, Педри ҳам, Руис ҳам, ҳатто Ферран Торрес ҳам унинг дарвозасига йўл топа олмади.

Яна бир статистикага эътибор беринг, Кабо-Верде ўйин давомида фақат бир марта қоида бузди. Бунақаси 1966 йилдан бери мундиалларда қайд этилмаганди. Ўйинни кўрмаганлар африкаликлар антифутбол эвазига натижага эришган деб ўйлаши мумкин, лекин асло бундай бўлмади. Улар ҳимояда ишончли ўйнашди, кўп вазиятларда мудофаадан паслар билан чиқишди, тўпни тўғри келган томонга тепиб юборишмади.

Биз ўрганишимиз керак

Испанияга бардош берган Кабо-Верде кўп жамоаларнинг ўзига бўлган ишончини ошириб юборди. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам бу жамоадан ўрганадигани кўп, менимча. Мураббийларимиз бу ўйинни кўриб таҳлил қилишларига шубҳам йўқ. Эътибор қилган бўлсангиз, Кабо-Верде қўрқинчли Испания билан ўйинда шунчаки тоқат қилиб, ўйин тугашини кутиб чидаб ўйнамади. Фавқулодда хотиржамлик билан кучли рақиб ҳужумларини қайтарди. Бунақа хотиржамлик гуруҳдаги кучли рақибларимизга қарши ўйинларда биз учун жуда керакли омил бўлади.

Қаҳрамон Возиня

Ўйин қаҳрамони, шубҳасиз, африкаликлар дарвозабони Возиня бўлди. Португалия иккинчи дивизионида ўйновчи 40 ёшли дарвозабон сейвлари билан Ямал ва жамоасидан очко тортиб олди. Ўйиндан кейин унинг Instagramʼдаги кузатувчилари ақл бовар қилмас даражада ошиб кетди. Уни ўйиндан аввал 56 минг одам кузатган бўлса, ҳозир фолловерлари сони 6 миллионга яқинлашди. ЖЧ ана шунақа катта мусобақа, биргина ўйин, биргина эпизод сенинг фаолиятингни тубдан ўзгартириб юборади. Ишончим комил, энди дунёда ҳам Кабо-Верде деган давлатнинг имижи кескин ошди, бу ажойиб давлатга борадиган сайёҳлар сони ҳам ошса керак. Кўряпсизми, Элдор бошчилик қаҳрамон футболчиларимиз бизни қанақа катта дунё фестивалига олиб чиққанини?

Ўйиндан кейин Возиня кўз ёшларини тия олмади. Ҳали у вақтда посбон интернет қаҳрамонига айланганини билмасди. Кўз ёшлари сабаби ҳам бошқа эди. У онасини Америкага олиб келолмаган, виза муаммоси сабаб она АҚШга боролмаган. Инсон учун онаси қанчалик қадрли эканини Возиня яна бир бор кўрсатиб қўйди. Инсон доим онам дейди, чақалоқлик вақтида ҳам, 40 га кирган вақтида ҳам, мункайган пайтида ҳам...

Айтганча, дарвозабон бобоси ва бувиси билан катта бўлган. Унинг асл исми Жоземар Жозе Эвора Диаш. Ёшлигида калтак еганида бувисининг олдига боравергани учун дўстлари унга Возиня деб лақаб қўйган. Бу португалчада бувижон дегани. Ажойиб қаҳрамонлик, инсоний туйғулар мадҳи учун раҳмат сенга, қария Возиня!

Instagram мавзусида яна бир хабар. Аргентиналик машҳур бир блогер ЖЧнинг энг номашҳур футболчисини аниқлашга қарор қилди. У ўз кузатишларидан кейин Янги Зеландия футболчиси Тим Пэйнни мундиалдаги энг кам ўқувчига эга деб топди ва футболчининг аккаунтини ўз саҳифасида улашди. Ўша вақт яримҳимоячини 4 мингдан кўпроқ одам ўқирди, ҳозир эса ўқувчилар сони 6 миллионга яқинлашди. Футболчининг ўзи ҳам бундан ҳайрон қолди, ўқувчилар сони Янги Зеландия аҳолиси сонидан ошиб кетганини айтиб ҳазил қилди. Табиийки, бунақа ўқувчилар оқимидан кейин саҳифасини фаол юрита бошлади.

Ана шунақа. Жаҳон чемпионатида ҳали биринчи тур давом этмоқда, лекин аллақачон шунча қаҳрамонлар, шунча таъсирли воқеалар бўлди. Бизни кузатиб боринг, мундиалнинг энг қизиқ воқеаларини улашиб боришда давом этамиз.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид