Жаҳон | 17:05
1426
7 дақиқада ўқилади

АҚШ–Эрон сулҳи ва Исроил омили

АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув Исроилда Нетаняҳу ҳукуматига нисбатан танқидларни кучайтирди. 2023 йилдан бери Ғазо, Ливан, Яман, Сурия, Эрон ва ҳатто Қатарни бомбалаган Исроил халқаро репутацион йўқотишлар эвазига бирор стратегик ютуққа эришдими? Бу савол амалдаги бош вазирнинг қайта сайланишига шубҳаларни кучайтирмоқда. Чунки асосий иттифоқчи Трамп ҳам Нетаняҳудан норози.

АҚШ–Эрон сулҳи ташқаридан қараганда аниқ ва мантиқли кўриниши мумкин, лекин келишувнинг қанчалик узоқ сақланиб қолиши имзолаган тарафлардан ташқари, Исроилга ҳам боғлиқ. Агар Исроил ўз ҳарбий стратегиясини ўзгартирмаса, ҳар қандай битим узоққа бормайди.

Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида шу ҳақда сўз борди.

— Бу келишувнинг кафолатлари қанчалик мустаҳкам?

Шавкат Икромов: Агар Эрон музокараларга тайёр эканини намоён қилаётган бўлса, у муайян даражада прокси кучлар масаласини Қўшма Штатлар билан муҳокама қилиши керак. Зарурат туғилганда, ҳатто вақтинчалик бўлса ҳам, бу проксиларни тийиб туриш масаласини кўриб чиқишга тўғри келади. Бироқ Эроннинг проксилари билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари бевосита Исроилнинг ҳаракатларига ҳам боғлиқ.

Эрон томони "Ҳизбуллоҳ"ни бевосита тилга олмасдан, асосан Исроил Ливан жанубидан чиқиб кетиши кераклигини таъкидлаб келади. Яъни улар Ҳизбуллоҳни ҳимоя қилишдан кўра, Ливанни “тинч қўйиш” кераклигини урғулайди. Исроил эса ҳозирча Ливан жанубидаги ҳарбий иштирокини қатъий давом эттирмоқда. Натижада, Эроннинг проксилар билан алоқалари ва уларнинг Исроилга қарши ҳаракатлари айнан Исроил сиёсатига бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Сўнгги пайтларда Исроил ичида ҳам танқидлар кучайган. Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг мухолифлари 2023 йилдан бери олиб борилган сиёсат натижаларини савол остига қўймоқда. Ғазо вайрон қилинди, Ливан жанубида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, Сурия ҳудудида операциялар олиб борилди ва Эрон билан кескинлик оширилди. Аммо бу ҳаракатларнинг аниқ стратегик натижаси нима, деган савол очиқ қолмоқда.

Танқидчиларга кўра, Исроил халқаро майдонда жиддий имиж йўқотишига дуч келди. Ғазода ўн минглаб инсонлар ҳалок бўлди, инфратузилманинг катта қисми вайрон қилинди, ҳудуднинг катта қисми деярли ер билан яксон этилди. Шунга қарамай, Исроил бу ҳудуд устидан юридик ёки сиёсий жиҳатдан тўлиқ назорат ўрнатгани йўқ.

Шунга ўхшаш вазият Ливан жанубида ҳам кузатилмоқда: йўқотишлар ортмоқда, бироқ аниқ стратегик ғалаба кўзга ташланмайди. Аксинча, "Ҳизбуллоҳ" сўнгги даврда тактик ва технологик жиҳатдан кучайиб, Исроилга қарши самаралироқ қаршилик кўрсатмоқда. Айрим маълумотларга кўра, илгари бир неча ой ичида бир неча аскар йўқотилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич ойига ўн нафардан ошмоқда. Шу билан бирга, ҳусийлар ҳам технологик жиҳатдан кучайиб бораётгани кузатилмоқда.

Нетаняҳунинг асосий мақсадларидан бири – Эронни прокси кучларсиз қолдириш эди. Бу йўналишда турли операциялар, жумладан, "Ҳизбуллоҳ"га қарши махсус технологиялар орқали ҳужумлар амалга оширилди. Бироқ 2023–2024 йиллардан кейин прокси кучлар яна тикланиб, фаолиятини давом эттираётгани кўринмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Эрон Қўшма Штатлар билан келишувга эришишни истаса, прокси кучлар масаласини очиқ муҳокама қилиши ва Вашингтон позициясини инобатга олиши керак. Бу жараён самарали бўлиши учун Исроил ҳам Қўшма Штатларнинг чақириқларига қулоқ тутиши зарур. Агар Исроил Ливан жанубида ҳарбий ҳаракатларини давом эттираверса, Эроннинг проксиларни тийиб туришига умид қилиш қийин бўлади.

Камолиддин Раббимов: Бу ҳолатни Исроил ичидаги энг катта дилеммалардан бири, деб баҳолаш мумкин. Бир томондан, Исроил ўзини мустақил ва минтақадаги қудратли давлат сифатида кўрсатади. Бироқ амалда унинг қудрати АҚШ билан узвий боғлиқ экани ҳаммага аён.

АҚШ ичкарисида, айниқса ултра ўнг қарашларга эга гуруҳлар орасида бошқа фикрлар ҳам мавжуд. Масалан, Такер Карлсон каби шахслар ва MAGA тарафдорлари АҚШнинг ташқи сиёсатида Исроил таъсири ҳаддан ташқари кучли эканини таъкидлайди. Улар ҳатто “итни думи бошқаради” деган ибора билан, кичик давлат катта давлат сиёсатига таъсир кўрсатаётганини англатишга уринади.

Бу қарашларга кўра, АҚШ Ироқ ва Яқин Шарқдаги бошқа можароларга ўз манфаатидан кўра кўпроқ Исроил манфаатлари сабаб жалб этилган. Натижада, америкалик аскарлар ҳалок бўлмоқда, катта молиявий ресурслар сарфланмоқда. Уларнинг фикрича, бу урушлар АҚШ учун зарур эмас. Илгари бундай фикрлар “фитна назарияси” сифатида рад этилган бўлса, ҳозир АҚШ ичида бу мавзу анча кенг муҳокама қилинмоқда. Жамиятда қарашлар ўзгариб бораётгани сезилмоқда.

Шу билан бирга, Исроил ичида ҳам хавотир кучайган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва экспертлар орасида умумий кайфиятни бир сўз билан “саросима” деб ифодалаш мумкин. Уларнинг таъкидлашича, илгари Исроил учун қулай сиёсий етакчи сифатида қаралган Доналд Трамп ҳам энди Исроил билан маслаҳатлашмасдан Эрон билан музокара олиб бормоқда. Агар АҚШ ва Эрон ўртасида келишувга эришилса, Исроил ўзини четда қолган томон сифатида кўрмоқда.

Бу ҳолатда улар кейинги АҚШ президенти сайланишини кутишдан бошқа йўл қолмаслигини айтмоқда. Исроилнинг позицияси шундан иборатки, агар АҚШ ва Эрон ўзаро мажбуриятлар олса, Исроил бу мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди ва керак бўлса, Ливан жануби, "Ҳизбуллоҳ", Ғазо ёки ҳусийларга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириши мумкин. Бироқ асосий стратегик муаммо шундаки, Исроил АҚШнинг қўлловисиз йирик ҳарбий ва сиёсий лойиҳаларни амалга ошира олмайди.

АҚШ эса ўз навбатида турли сценарийларни синаб кўрган: Ироқ ва Афғонистондаги урушлар катта ресурс талаб қилгани ва кутилган натижани бермагани маълум. Шу сабабли янги кенг кўламли урушга киришиш имконияти чекланган. Натижада, АҚШ – хусусан Доналд Трамп мавжуд шароитда Эрон билан келишувга боришга мажбур бўлаётгани ҳақидаги қарашлар мавжуд.

Исроил эса АҚШнинг ҳар қандай шароитда ҳам ўз қудратини сақлаб қолишига ишонади. Уларнинг айрим талқинларига кўра, АҚШ Эронга кенг кўламли босқин бошлаши ортидан катта йўқотишларга учраса ҳам, Қўшма Штатлар барибир глобал етакчилик мавқейини йўқотмайди. Тарихда Виетнам ва Афғонистон мисоллари бунга далил сифатида келтирилади.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид