Спорт | 20:06
5491
2 дақиқада ўқилади

Жалолиддин Машарипов миллий жамоа таркибидан чиқарилди

Футболчи жамоа билан турнирга йўл олганди, аммо жароҳатидан тиклана олмади. Энди унинг якуний таркибдаги ўрнини Русланбек Жиянов эгаллади.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Ўзбекистон миллий жамоасининг узоқ йиллик етакчиларидан бири, яримҳимоячи Жалолиддин Машарипов 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок эта олмайди. ЎФА матбуот хизмати у жароҳати туфайли таркибдан чиқарилганини маълум қилди.

«Жалолиддин Машарипов узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолди ва машғулотларда тўлиқ иштирок этолмади.

Футболчини тезроқ сафга қайтариш ва тиклаш мақсадида тиббий штаб томонидан зарур чоралар кўрилди ва индивидуал тайёргарлик дастури асосида иш олиб борилди.

Ўтказилган тиббий текширувлар таҳлили ФИФА тиббий қўмитасига тақдим этилди. Қўмита ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди ва футболчимизнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этолмаслигини маълум қилди. Унинг ўрнига якуний рўйхатга Русланбек Жиянов киритилди.

Жалолиддин Машариповга тезроқ соғайиб, сафга қайтишини тилаб қоламиз», – дейилади ЎФА хабарида.

Жалолиддин Машарипов мундиалдан олдинги йиғинга олиб кетилган, аммо жароҳати туфайли Канада ва Нидерландия миллий жамоаларига қарши ўртоқлик ўйинларида қатнаша олмаганди.

Шундан кейин ОАВда у жамоа машғулотларида ҳам қатнашмаётгани ва таркибдан чиқарилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

ЎФА матбуот хизмати бу борада изоҳ бериб, сўнгги вақтларда футболчини бел қисмидаги оғриқлар безовта қилгани, дори-дармонлар ва физиотерапия муолажалари ёрдамида унинг ҳолати яхшилангани, бироқ кейинчалик оғриқлар яна қайта безовта қила бошлагани, футболчининг соғлиғи бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси тиббий штаби томонидан зарур муолажалар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берганди.

Футболчининг ўзи эса ўзидаги бу муаммо (умуртқалараро диск чурраси – грижа) 5-6 йилдан бери борлиги, ўйинларга укол олиб чиққани ҳақида айтган ва тез орада умумий гуруҳ билан машғулотларга қўшилишга умид қилаётганини билдирганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид