Жаҳон чемпионатининг навбатдаги кунида тўртта учрашув ўтказилди ва бу ўйинларнинг бирортасида ғолиб жамоа топилмади. Испания Кабо-Верде билан ўйинда сенсацион равишда очко йўқотди (0:0), Белгия Мисрни (1:1), Уругвай Саудия Арабистонини енга олмади (1:1), Эрон эса турнирни Янги Зеландия билан дуранг ўйнаш билан бошлади (2:2). Майдондан ташқарида ҳам эътиборли воқеалар бўлмоқда: Тунис биринчи ўйиндан кейиноқ бош мураббийини истеъфога чиқарди, португаллар эса машғулот ўтказа олмади.

Возиня энди жаҳон миқёсидаги юлдуз!

Испания – Кабо-Верде 0:0
Испания: Симон, Ляпорт, Кубарси, Кукуреля, Лиоренте, Родри (Уилямс, 87), Педри, Руис (Мерино, 71), Гави (Ямал, 71), Торрес (Олмо, 81), Ойярсабал
Кабо-Верде: Возиня, Диней Боржес, Лопеш, Лопеш Кабрал (Жуан Паулу, 76), Морейра, Ленини, Монтейру (Телму Арканжу, 79), Л. Дуарте (Д. Дуарте, 61), Кабрал (Семеду, 61), Мендеш да Граса, Ливраменто (Да Кошта, 61)
Огоҳлантиришлар: Педри, 90 – Лопеш Кабрал, 16

Кабо-Верде – ЖЧ дебютанти, испанлар эса Европа чемпионатининг амалдаги ғолиби ва ҳозирги турнирнинг асосий фаворитларидан бири. Аммо ушбу жуфтликда ҳам сенсация рўй берди: африкаликлар «Қизил фурия» ҳужумларига дош берди ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб, илк очкосини қўлга киритди.

Кабовердиликлар сафидаги асосий қаҳрамон 40 ёшли дарвозабон Возиня бўлди –  у ишончли ҳаракат қилиб, рақибларнинг умидларини чиппакка чиқарди ва ўйин давомида етти бор сейв амалга оширди. Жозимар Диашнинг (дарвозабоннинг ҳақиқий исми) перфоманси томошабинларда шу қадар катта таассурот қолдирдики, у ўйиндан кейин жаҳон миқёсидаги юлдузга айланди: унинг инстаграмдаги саҳифасига бир неча соат ичида беш миллиондан ортиқ ўқувчи обуна бўлди (ўйиндан олдин унинг кузатувчилари сони атиги бир неча ўн минг киши эди).

Возинянинг ўзи (унинг лақаби португалчадан таржимада «бувижон» маъносини беради – у болалигида ўйинларда ўзига қилинган ноҳақликдан кейин бувисининг олдига шикоят қилиб боравергани учун бошқа болалар томонидан шундай лақаб олган) ўйиндан кейин йиғлади.

«Шунинг учун йиғлаяпманки, мен бувим ва бобом билан ўсганман, улар эса, афсуски, бу ерда эмас... Улар бир неча йил олдин вафот этиб кетишган. Улар мен учун барча нарса эди, мен учун барча ишни қилишганди. Ва яна онам учун...у бу ерга қила олмади – виза жуда қимматлик қилди. Биз вақтида тўлов қила олмадик. Мен у бу ерда бўлишини жуда хоҳлагандим, аммо барибир жуда хурсандман. Жуда бахтиёрман», – деди футболчи.