Жаҳон | 09:00
1649
2 дақиқада ўқилади

Венгрия парламенти бош вазир лавозимида бўлиш муддатини чеклади

Венгрия парламенти мамлакат бош вазири ваколатларини икки тўрт йиллик муддат билан чеклашни назарда тутувчи конституциявий тузатишларни маъқуллади. Мазкур қарор натижасида мамлакатни узоқ йиллар бошқарган собиқ бош вазир Виктор Орбан келажакда яна ушбу лавозимни эгаллай олмайди.

Фото: Ferenc Isza/AFP

15 июн куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида конституцияга киритилаётган ўзгаришларни 134 нафар депутат қўллаб-қувватлади. 50 нафар депутат қарши овоз берган бўлса, яна олти нафар парламентарий бетараф қолди.

Янги қоидага кўра, бош вазир лавозимида ишлаш муддати энг кўпи билан икки тўрт йиллик давр билан чекланади. Муҳими, мазкур норма фақат келажакдаги раҳбарларга эмас, балки 1990 йилдан буён Венгрия бош вазири бўлиб ишлаган барча шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Бу эса мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган Виктор Орбаннинг яна ҳукумат раҳбари сифатида қайтиш эҳтимолини истисно қилади. Орбан турли йилларда жами беш муддат давомида Венгрия бош вазири лавозимида фаолият юритган.

Мазкур конституциявий ўзгаришлар амалдаги бош вазир Петер Мадярнинг асосий сайловолди ваъдаларидан бири эди. Унинг таъкидлашича, ҳокимиятнинг узоқ вақт бир шахс қўлида тўпланиб қолиши демократия тамойилларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис бош вазирлик муддатини чеклаш давлат бошқарувида мувозанат ва рақобатни таъминлашга хизмат қилади.

Конституциявий тузатишларни парламентда Мадяр раҳбарлик қилаётган «Тиса» партияси депутатлари қўллаб-қувватлади. Аксинча, Виктор Орбаннинг «Фидес» партияси вакиллари ушбу ташаббусга қарши овоз берди.

Кузатувчиларга кўра, мазкур қарор Венгрия сиёсий тизимида муҳим бурилиш нуқтаси бўлиб, мамлакатда ҳокимият алмашинуви механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид