Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент инвесторларга янги ҳуқуқий имкониятларни тақдим этди
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида президент Шавкат Мирзиёев инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган қатор янги ташаббусларни эълон қилди. Улар орасида Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, мустақил халқаро тижорат судини йўлга қўйиш ҳамда махсус ҳуқуқий режимларни жорий этиш режалари бор.
Президентнинг таъкидлашича, инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади. Унда Англия ҳуқуқига асосланган махсус ҳуқуқий тартиб жорий қилиниб, нуфузли хорижий судялар иштирокида мустақил Тошкент халқаро тижорат суди фаолият кўрсатади.
Шунингдек, инвестицион медиация тизими ривожлантирилиб, Ўзбекистон БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилишни режалаштирмоқда. Бу инвесторларга мамлакатнинг ўзида халқаро ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан фойдаланиш имконини беради.
Форумда капитал бозорини ривожлантириш ва муқобил молия воситаларини кенгайтириш чоралари ҳам маълум қилинди. Жумладан, халқаро клиринг компаниялари учун янги имкониятлар яратилиши, суверен ислом облигациялари — сукук дастурининг ишга туширилиши ва йирик давлат активларини хусусийлаштириш жараёнлари давом эттирилиши қайд этилди.
Президент, шунингдек, юқори қўшилган қийматли саноат лойиҳалари, «яшил» энергетика, дата-марказлар ва сунъий интеллект соҳаларига инвестициялар жалб қилиш бўйича янги имкониятларни тақдим этиб, маҳаллий ва хорижий инвесторларни ушбу лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.