Спорт | 09:21
4632
3 дақиқада ўқилади

ЖЧ-26. Ўзбекистон мағлубият билан бошлади

Колумбияга қарши ўйинда жамоа турнир тарихидаги илк голини нишонлади, аммо бу гол натижа учун етарли бўлмади.

Фото: ЎФА

ЖЧ-2026. K гуруҳи. 1-тур
Ўзбекистон – Колумбия 1:3
Голлар:
Файзуллаев 61 – Муниос 41, Диас 66, Кампас 90+9.
Ўзбекистон: Юсупов, Каримов, Ҳусанов, Ашурматов (Ўрозов 77), Абдуллаев, Насруллаев (Сайфиев 46), Мозговой, Шукуров, Ўрунов (Ҳамдамов 46), Файзуллаев (Амонов 77), Шомуродов (Сергеев 90+3).
Колумбия: Варгас, Мунёс, Санчес, Лукуми, Мохика, Пуэрта (Риос 80), Лерма, Родригес (Кампас 72), Ариас (Кастанио 90+3), Диас (Гомес 90+3), Суарес (Эрнандес 80).
Огоҳлантиришлар: Мохика 7, Ҳусанов 34.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатидаги иштирокини мағлубият билан бошлади. Мехико шаҳридаги «Ацтека» стадионида Колумбияга қарши ўтказилган ўйин 1:3 ҳисобида якунланди.

Биринчи бўлимда тўлиқ ташаббусга эгалик қилган жанубий америкаликлар 40-дақиқада ҳисобни очди. Англиянинг «Кристал Пэлас» клубида ўйновчи қанот ҳимоячиси Даниэл Муниос «Бавария» вингери Луис Диаснинг узатмасини голга айлантирди – 0:1.

Каннаваро танаффусдаёқ таркибда ўзгаришларга қўл урди: чап қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаев ўрнига Фаррух Сайфиев, чап қанот вингери Остон Ўрунов ўрнига эса Достонбек Ҳамдамов майдонга туширилди.

60-дақиқада Шомуродов хавфли вазият юзага келтирди: унинг зарбасидан кейин тўп дарвозабон орқали бўш дарвоза қаршисида турган Аббосбек Файзуллаевга етиб келди ва ушбу яримҳимоячи Ўзбекистон миллий жамоасининг жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голига муаллифлик қилди.

Аммо кўп ўтмай Колумбия яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Шомуродов майдон марказида тўп олдирди ва тезкор қарши ҳужумни Луис Диас гол билан якунлади – 1:2.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Осиё вакиллари тўлиқ куч билан штурм уюштиришди, натижада ҳимоя чизиғида катта бўшлиқ юзага келди ва учинчи гол ҳам ўтказиб юборилди. Ўрозов тўпни узоқлаштиришни пайсалга солди ва тўпга эга чиққан Кучо Эрнандес тўпни қанотдан дарвозабон ҳудудига узатди, у ерда турган Ҳаминтон Кампас бош билан Юсупов қўриқлаётган дарвозани ишғол этди – 1:3.

Ўйиннинг сўнгги дақиқасида Ўзбекистонда ҳисобни қисқартириш учун имконият бўлди, аммо Беҳруз Каримовнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига борди.

Биринчи турдан кейин Колумбия 3 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда, Ўзбекистон эса тўртинчи ўринда қолди.

Ўзбекистон миллий жамоаси навбатдаги учрашувни 23 июн куни Португалияга қарши ўтказади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид