Жаҳон | 14:15
1295
6 дақиқада ўқилади

Ливанга яна ҳужум бўлса, келишув тақдири сўроқ остида қолади – Умрбек Юсупов

АҚШ–Эрон келишуви фонида Исроилдаги айрим сиёсатчилар меморандум бандларининг Тел-Авивга тақдим этилмаганидан норозилик билдирди. Бу ҳолат иттифоқчилар ўртасидаги совуқлик аломатларини юзага чиқарди. Таҳлилчиларга кўра, Исроилнинг музокаралардан четлатилгани сулҳнинг мустаҳкамлигини сўроқ остида қолдиради.

Мавзу борасида Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Умрбек Юсупов сўз юритди.

Келишув доирасида Исроилга Ливан масаласида мажбурият юкланган бўлса, АҚШ нега меморандумни Исроилга очиқламади?

Камолиддин Раббимов: Бу аслида мантиқан тушунарли ҳолат. Сабаби, Исроил ҳозирги келишувдан кескин норози. Матбуотдаги чиқишлардан айрим доираларда “ўз одамларимиз бизга хиёнат қилди” деган кайфиятни кўриш мумкин. Яъни АҚШ маъмуриятидаги этник яҳудийлар тегишли маълумотларни Исроил билан баҳам кўрмагани учун танқид қилиняпти.

Доналд Трамп Эрон масаласида имкон қадар кескин сиёсат юритишга ҳаракат қилди. Бироқ Исроил хоҳлаган даражадаги кенг кўламли урушга бориш АҚШ учун реал эмас. Чунки Америка ички тизими институтлар, сайловлар, жамоатчилик фикри бундай қарорларни чеклаб туради. Демократия ҳали ҳам ишлаяпти ва ҳар қандай президент, жумладан Трамп ҳам бу омилларни эътиборсиз қолдира олмайди. Шу сабабли АҚШ маълум нуқтага қадар босим ўтказиб, кейин ортга чекинди, “қўлимиздан келганини қилдик” деган позиция кузатилмоқда.

Исроил эса бу жараёнда кўпроқ вето қўйишни ёки кескин сценарий – катта урушни афзал кўрмоқда. Исроил матбуотида “энди умидимиз кейинги АҚШ президентидан” деган фикрларни учратиш мумкин. Трампдан кейин ким президент бўлиши эса катта савол. Агар демократлар ҳокимиятга келса, Исроил учун вазият мураккаблашиши мумкин. Чунки улар анъанавий тарзда Исроилдан бироз масофа сақлашга ҳаракат қилади. Буни тарих ҳам кўрсатган. Масалан, 2015 йилда Барак Обама даврида Эрон билан келишув арафасида Бинямин Нетаняҳу АҚШ Конгрессида чиқиш қилиб, бу битимни имзоламасликка чақирган эди. Уни республикачилар таклиф қилган, демократларнинг бир қисми эса бунга норозилик билдириб зални тарк этган.

Обама эса ўша пайтда кенгроқ геосиёсий стратегияни илгари сурган: Эрон билан муросага келиш, бошқа минтақавий масалаларни юмшатиш ва асосий эътиборни Хитойга қаратиш. Бу ёндашув Исроил манфаатлари билан тўлиқ мос келмаган.

Умрбек Юсупов: Масалан, оддий кузатувчи сифатида мен ҳам Al Arabiya ва Bloomberg орқали келишувнинг 14 та банди ҳақида маълумотга эга бўлдим. Шу ўринда савол туғилади, нега бу жараён Исроилга тўлиқ очиқ кўрсатилмади ёки музокаралар давомида у мунтазам хабардор қилинмади?

Бу борада икки хил эҳтимолий тушунтириш бор.

Биринчиси – Исроил аслида норасмий тарзда хабардор қилинган бўлиши мумкин. Яъни АҚШ: “Биз ўз йўлимиздан борамиз, сиз эса очиқчасига норозилик билдиришингиз мумкин” деган шаклда келишиб олган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу ташқи кўринишда қарама-қаршилик, амалда эса мувофиқлаштирилган позиция бўлиши мумкин.

Иккинчи эҳтимол – Исроил ҳақиқатан ҳам тўлиқ хабардор қилинмаган. Буни оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, ҳозир Исроил ҳарбий жиҳатдан муайян ҳудудий устунликка эришган ва ўз манфаатларига мос позицияларни эгаллаган. Агар ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилса, халқаро босим кучаяди. Хусусан, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро кучлар Ливаннинг ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини тиклашни талаб қилади. Бу эса амалда Исроил эгаллаган ҳудудлардан босқичма-босқич чиқиб кетишини англатади.

Айнан шу банд келишувнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб, Исроил уни осонликча қабул қилмайди.

Бундан ташқари, бу ерда АҚШнинг алоҳида сиёсий ҳисоб-китоби ҳам бор. Вашингтон Исроилдан мустақил равишда қарор қабул қила олишини намойиш этишга уринмоқда. Бу – ички сиёсат учун ҳам муҳим сигнал. Хусусан, Доналд Трамп ва унинг жамоаси учун рейтинг, шунингдек, келгуси сайловлар контекстида сиёсий обрў йиғиш воситаси бўлиши мумкин. Матбуотда “АҚШ Исроилга қарам эмас” деган мазмундаги хабарларнинг тарқалиши ҳам айнан шу эффектни беради.

Бироқ бундай келишув жуда мўрт кўринади. Уни амалда “тўлиқ сулҳ” эмас, балки вақтинчалик музлатиш босқичи деб баҳолаш мумкин. Чунки исталган пайтда вазият кескинлашиши эҳтимоли юқори. Масалан, Исроил “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатларига жавобан зарба бердик” деган важ билан Байрут ёки Даҳияга яна ҳужум қилса, бутун келишув бир зумда барбод бўлиши мумкин. Ҳозир ҳам бу каби баёнотлар янграмоқда.

Шундай экан, сулҳнинг бузилиш эҳтимоли юқори. Агар битта жиддий зарба берилса, АҚШнинг барча дипломатик саъй-ҳаракатлари самарасиз бўлиб қолиши мумкин. Шу сабабли Исроил олдиндан ўз позициясини белгилаб оляпти: “Биз бу келишув томони эмасмиз, уни тан олмаймиз”, деган мазмунда баёнотлар берилмоқда. Бу орқали у икки хил сигнал юбормоқда: биринчидан, келишувдан масофаланмоқда; иккинчидан эса, истаса уни исталган пайтда бузиши мумкинлигини очиқ кўрсатмоқда.

Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид