Жаҳон | 14:46
7370
5 дақиқада ўқилади

Москва яна зарба остида. Украина мингга яқин дрон учирган

Бу уруш бошидан буён амалга оширилган энг йирик ҳужум бўлди. Яна Капотнедаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиқди.

Видеодан скриншот / Reuters / Scanpix / LETA

Москвага украин дронларининг уруш бошидан буён энг йирик ҳужуми кузатилди. Пойтахтга қарийб 200 та дрон ҳужум қилган, Капотнеда  яна Москва нефтни қайта ишлаш заводи ёниб кетган.

Москва шаҳри мэри Сергей Собянинга кўра, бир неча дрон нефтни қайта ишлаш заводига «етиб боришга муваффақ бўлган», ҳужум оқибатлари бартараф этилмоқда. Телеграм-каналлар ҳужумдан кейин ёнғин чиққани ва шаҳар узра қуюқ тутун кўтарилгани акс этган кадрларни намойиш этган. Роликлардан бирида ёқилғи сақлаш омборидаги ёнғин вақтида том парчалари ҳар тарафга отилиб кетаётгани акс этган.

Украина қуролли кучлари Капотнедаги заводга икки кун олдин, 16 июнга ўтар кечаси ҳам ҳужум қилганди, завод ундан олдинроқ май ойи ўрталарида ҳам зарба остида қолганди. Reuters манбаларига кўра, бу ҳужумлардан кейин хавфсизлик нуқтайи назаридан завод фаолияти тўхтатилган.

Украина қуролли кучларининг 18 июн кунги ҳужуми оқибатида Москва шаҳри жануби-шарқидаги «Садовод» савдо маркази ҳудудига ҳам дрон парчалари тушган. Собяниннинг сўзларига кўра, «бинолардан бирида арзимас шикастланиш қайд этилган».

Котелников районидаги Волгоград проспектида ва Новорязанск шоссесида транспорт ҳаракати тўхтатилган. Собянин Москва шаҳрига кириб келишда жами 180 та дрон уриб туширилгани ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлашда давом этаётганини хабар қилган. «Агентство» нашри қайд этишича, бу уруш бошидан буён дронларнинг энг йирик ҳужуми бўлди. ТАСС эса бу ҳужум сўнгги икки йилликдаги энг йирик ҳужум бўлгани ҳақида ёзган.

Тунги ҳужум чоғида Москвадаги тўртта аэропорт ҳам ёпилган – булар Шереметево, Домодедово, Внуково ва Жуковский аэропортлари. Шереметеводагилар аэропорт хизматчилари йўловчиларни хавфсиз жойга кўчиришгани (жумладан, самолётлар бортидан) ҳақида маълум қилган. Тонгда чекловлар олиб ташланган, аммо кейин аэропортлар яна ёпилган. Транспорт вазирлигидагилар чекловлар парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун ўта зарур эканини хабар қилган. Россия марказий қисмида, жумладан шу кунларда Владимир Путин ташриф буюрган Қозонда ҳам аэропортлар фаолиятига чекловлар жорий этилган.

Москва областидаги Жуковский районида дронлардан бири Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уйга урилган. Области губернатори Андрей Воробев ҳужум оқибатида 16 киши жароҳат олгани, шундан икки нафари болалар экани ҳақида маълум қилган.

Хусусан, Электростал яқинидаги Степаново қишлоғида хусусий уйга дрон парчалари тушиши оқибатида бир аёл елкасидан жароҳат олган.

Люберцида дронлар парчалари бир неча жойга тушган, фитнес-марказ биноси ҳамда саноат зонасидаги объект шикастланган. Бундан ташқари, дронлар парчалари Котелникидаги «Белая Дача» савдо марказига тушиши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Чехов районининг Масново-Жуково қишлоғи ҳамда Крюково посёлкасида, шунингдек, Павловский Посадда дронлар ҳужуми оқибатида шикастланишлар қайд этилган.

Украина дронлари Ростов областига ҳам ҳужум қилган, Гуковода бир киши ҳалок бўлди, деб хабар берди губернатор Юрий Слюсар. Яна икки киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган – булар Гуководаги вокзал юк ортиш станцияси ходимларидир. Ҳужум оқибатида тепловоз шикастланган ва иккита тижорий объект ёниб кетган.

Россия мудофаа вазирлиги тунда ва кун давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари украинларнинг 992 та дрони ва тўртта қанотли ракетаси ҳамда ўнта авиабомбасини қайтаргани ҳақида ҳисобот берди.

Володимир Зеленский ҳужумни Россиянинг Украина шаҳарлари бўйлаб зарбаларига «адолатли жавоб» деб атади. «Бу тунда бизнинг узоқ масофали санкцияларимиз яна бир бор Москва регионигача етиб борди: ҳафта давомида иккинчи марта Москва нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилди. Шунингдек, Ростов регионидаги ва Украинанинг вақтинча ишғол этилган ҳудудларидаги нишонларга ҳужум қилинган», – дея ёзган Зеленский. У «бу урушни якунлаш вақти келгани ва Россия керакли дипломатик қадамларни ташлаши лозимлиги»ни қўшимча қилган. 

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид