Спорт | 14:53
7469
13 дақиқада ўқилади

ЖЧда 8-кун. Ҳусанов оператордан узр сўради, Швейцарияда янги юлдуз порлади

Иккинчи тур старт олди: плей-оффнинг илк иштирокчиси маълум.

2026 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувлари бошланди: дастлабки ўйинда Чехия ва ЖАР очколарни бўлишиб олишди (1:1), Швейцариянинг захирадан туширилган ёш футболчиси Босния ва Ҳерцеговинага қарши ўйинни ҳал қилди (4:1), Канада Қатар дарвозасига истаганча гол урди (6:0), Мексика эса Жанубий Кореяни мағлуб этиб (1:0), плей-офф масаласини ҳал қилган илк жамоага айланди.

Майдондан ташқарида ҳам шов-шувли воқеалар давом этмоқда – 40 ёшли дарвозабон Мануэл Нойер Германия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилди, Неймар ҳали Бразилия таркибига қайта олмаяпти, Англия миллий жамоаси устози Томас Туҳел эса фотомухбирлар устидан шикоят қилди.

Мексика ҳал қилди

Мексика – Жанубий Корея 1:0
Гол:
Ромо, 50 (1:0)
Мексика: Ранҳел, Алварес, Васкес, Галярдо, Санчес, Лира, Ромо (Пинеда, 71), Гутеррес (Варгас, 71), Кинионес (Уэрта, 84), Алварадо (Рейес, 80), Р. Ҳименес (С. Ҳименес, 80)
Жанубий Корея: Ким Син Гю, Ким Мин Жэ, Ли Ги Ҳек, Ли Ҳанг Бем, Ҳванг Ин Бом, Пэк Син Ҳо (Гуе Сон Чо, 77), Сол Ен У (Ем Жи Сун, 71), Ким Мун Ҳванг (Ҳюн Жун Ян, 71), Ли Жэ Сон (Ҳванг Ҳи Чҳанг, 57), Ли Кан Ин, Сон Ҳеунг Мин (Ҳон Гу О, 57)
Огоҳлантиришлар: Ли Кан Ин, 4. Пэк Син Ҳо, 58

Жанубий Корея ва Мексика турнирни ғалаба билан бошлаганди, аммо уларнинг ўзаро учрашувини ёрқин кечди дейиш қийин. Биринчи бўлим давомида дарвоза соҳасига тўғри борган биттагина зарба бўлди.

Иккинчи бўлим бошида осиёликлар дарвозабони ўз жамоаси ҳимоячиси билан тўқнашиб кетиб, тўпни қўлдан чиқариб юборди ва Ромо бўш дарвозани осонлик билан ҳисобни очди.

Ўйиннинг қолган қисмини жанубий кореяликлар фаолроқ ўтказишди ва қатор вазиятларга эга бўлишди, ўйин охирларида мексикаликлар дарвозабони Жо Гу Соннинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди.

Яна бир вазиятда эса Эдсон Алварес дарвоза тўрига кириб кетаётган тўпни тўхтатиб қолди. Якунда Ромонинг голи ягоналигини сақлаб қолди.

Бу натижа эвазига турнир мезбонлари 2026 йилги жаҳон чемпионатининг плей-офф масаласини ҳал қилган илк жамоасига айланди: икки турдан кейин Мексика А гуруҳида 6 очко билан пешқадам бўлиб олган.

Оғир жароҳат канадаликлар шоусини бузиб қўйди

Канада – Қатар 6:0
Голлар:
Ларин, 16 (1:0). Дэвид, 29 (2:0). Дэвид, 45+3 (3:0). Салиба, 64 (4:0). Ал-Маннаи, 75 - автогол (5:0). Дэвид, 90+2 (6:0)
Канада: Крепо, Де Фужерол (Олувасейи, 71), Корнелиус (Бомбито, 46), Ларея, Жонстон, Эуштакиу, Коне (Салиба, 56), А. Аҳмад (Шаффелберг, 71), Бюкенен (Сигур, 83), Ларин, Дэвид
Қатар: Абунада, Педру Мигел, Ҳуҳи, Х. Аҳмад, Ал-Оуи, Мадибо, Лайе, Абдулсалом (Фати, 46, Мендес, 87), Афиф (Ал-Ҳусайн, 59), Эдмилсон Жуниор (Ал-Маннаи, 46), Абдурисоқ (Ал-Браке, 40)
Огоҳлантиришлар: Корнелиус, 9 – Фати, 62
Четлатиш: Х. Аҳмад, 33. Мадибо, 51

Биринчи турда Швейцария билан ўйинда дурангга эришган (1:1) Қатар дарвозасига бу сафар тепилган тўпнинг барчаси кириб кетаверди. Дастлаб Кайл Ларин ва Жонатан Дэвид 29-дақиқага келиб ҳисобни қулай кўринишга келтирди, кўп ўтмай Ҳулен Лопетеги шогирдлари Ҳомам Аҳмаднинг жарима майдони яқинидаги қўполлиги туфайли ўн киши бўлиб қолишди, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Дэвид яна бир голи билан ҳисобни йириклаштирди – 3:0.

Лекин канадаликларга жаҳон чемпионатидаги илк ғалаба (шимолий америкаликлар олдинги икки турнирдаги олти ўйинда ҳам ютқазганди) унчалик татимади: иккинчи бўлим бошларида Қатар ҳимоячиси Ассим Мадибо тўпни олиб қўйишга уриниб, Исмоил Коненинг оёғига ортдан зарба берди ва унга ҳам қизил карточка кўрсатилди. Ўйин олти дақиқадан вақт мобайнида тўхтаб қолди, бу вақтда тиббиёт ходимлари жабрланган футболчига ёрдам кўрсатишди, икки жамоа футболчилари ва мураббийлар штаби вакиллари эса даҳанаки жангга киришишди.

Ўйиндан кейин журналист Фабрицио Романо маълумот беришича, Конега «чап оёқ кичик ва катта болдир суяклари синиши» ташхиси қўйилган.

Исмоил Коне оёғи синиб, майдонни замбилда тарк этмоқда
Timothy Matwey / THE CANADIAN PRESS / Scanpix / LETA

Мезбонлар бу эпизоддан кейин рақибга умуман шафқат қилишмади ва яна учта гол уришди – 6:0. Дэвид ҳет-трик расмийлаштирди, Натан Салиба жарима зарбасини голга айлантирди ва бу голини Коненинг фамилияси ёзилган футболкани кўтариб нишонлади.

Швейцарлар кутилмаганда йирик ғалабага эришди

Швейцария – Босния ва Ҳерцеговина 4:1
Голлар:
Манзамби, 74 (1:0). Варгас, 84 (2:0). Манзамби, 90 (3:0). Маҳмич, 90+3 (3:1). Жака, 90+7 – пеналти (4:1)
Швейцария: Кобел, Элведи, Аканжи, Родригес, Видмер (Ҳакес, 86), Жака, Фройлер, Эбишер (Манзамби, 72), Ндой (Соу, 72), Эмболо (Иттен, 89), Ридер (Варгас, 72)
Босния ва Ҳерцеговина: Васил, Муҳаремович, Катич, Колашинац, Дедич, Таҳирович (Башич, 63), Шунич (Ҳожиаҳметович, 85), Алайбегович (Маҳмич, 90+1), Мемич, Демирович (Лукич, 85), Жеко (Байрактаревич, 63)
Огоҳлантиришлар: Элведи, 65 – Дедич, 59. Жеко, 61
Четлатиш: Муҳаремович, 80

Биринчи турда швейцарлар барча жабҳаларда катта устунликка эришган (Xg бўйича 3,25), аммо вазиятлардан фойдалана олмаган ва сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, очко йўқотганди (1:1). Иккинчи турда эса бу омадсизлик учун жамоа ўзига хос тарзда компенсация олди.

Босния ва Ҳерцеговина билан ўйин максимал даражада зерикарли кечди. 74-дақиқагача таблода ноллар ёниб турди. Кейин эса барчаси тезлашиб кетди: «Фрайбург»нинг 20 ёшли яримҳимоячиси Жоан Манзамби захирадан ўйинга қўшилганидан икки дақиқа ўтиб ҳисобни очди, боснияликлар эса бироз ўтиб сон жиҳатдан озчилик бўлиб қолишди ва ўйин охиригача яна учта гол ўтказиб юборишди. Жумладан, жамоа сардори, 33 ёшли Гранит Жака қўшимча дақиқаларда пеналтидан якуний ҳисобни ўрнатди ва голдан кейин трибуналар қаршисига бориб, жамоани танқид қилганларга қарата жим бўлиш ишорасини кўрсатди.

Босния ва Ҳерцеговина эса бу оралиқда тўртта голга биттагина гол билан жавоб қайтарди. Лекин бу ўйиндаги энг чиройли гол бўлди – захирадан ўйинга қўшилган Эрмин Маҳмич ҳаводаги тўпни тўхтатмасдан зарба йўллади. Фақат бу голнинг чиройидан наф йўқ: болқонликлар йирик мағлубиятдан кейин амалда гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотди.

Чехия ва ЖАР ўйинида ғолиб аниқланмади

Чехия – ЖАР 1:1
Голлар:
Садилек, 6 (1:0). Мокоэна, 83 – пеналти (1:1)
Чехия: Коварж, Гранач, Крейчи, Холеш, Дарида (Зелени, 55), Черв (Зима, 78), Садилек (Провод, 67), Сойка (Шулц, 55), Цоуфал, Гложек (Соучек, 67), Шик
ЖАР: Уилямс, Мбокази, Окон, Модиба, Мудау, Мокоэна, Адамс (Мофокенг, 46), Мбата, Апполлис, Масеко (Себелебеле, 84), Райнерс (Макгопа, 66)
Огоҳлантиришлар: Крейчи, 75 – Мокоэна, 33. Мбата, 40

Чехлар ва жанубий африкаликлар ўйини қайсидир маънода «омадсизлар дуэли»га айланди – икки жамоа ҳам биринчи турда ютқазганди ва амалда бу икки жамоа ўйинида турнирни биринчи бўлиб тарк этадиган жамоа аниқланиши керак эди.

Шу билан бирга, Чехияда имконият яхшироқ эди – бу жамоа Жанубий Кореяга қарши ўйинда (1:2) яхшироқ кўринган ва анча вақт ҳисобда олдинда борган эди. Африкаликлар эса, юмшоқ қилиб айтганда, Мексикага қарши ўйинда (0:2) жуда ожиз кўринишган, шу туфайли улар Европа жамоасига қарши яхшироқ ўйнашини тасаввур қилиш қийин эди.

Аввалига бундай прогноз амалга ошаётганди: чехияликлар сафида Михал Садилек 6-дақиқадаёқ аут ташлаш орқали бошланган ҳужум якунида ҳисобни очди. Улар турнир олдидан бундай ишланмани жуда кўп машқ қилишгани тайин – кореяликлар дарвозаси ҳам шундай услубда ишғол этилганди.

Аммо шундан кейин Мирослав Коубек шогирдлари ўйинни ташлаб юборишди ва қолган вақтни ҳимояда ўтказишди. Африкаликлар эса барча позициялардан ҳужум уюштириб, ўйин охирига келиб пеналти ишлашди. Жамоа етакчиси Тебохо Мокоэна 11 метрдан аниқ зарба бериб, шундан кейин мухлислар бошқа гол кўришмади. Демак, А гуруҳида қолиб кетадиган жамоа(лар) номи фақат сўнгги турда аниқ бўлади.

Ҳусанов узр сўради

Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Колумбияга қарши Жаҳон чемпионати ўйинида жароҳат олган операторга дастхати ва «I am sorry» («Кечирасиз») деган ёзуви туширилган футболкасини юборди.

Ҳодиса пайшанба куни бўлиб ўтган «K» гуруҳи ўйинининг биринчи бўлимида содир бўлган. «Манчестер Сити»нинг 22 ёшли футболчиси майдон четида Колумбия терма жамоаси ҳужумчиси Луис Диас билан тўп учун курашишга уринаётиб, трансляция камераси оператори билан тўқнашиб кетган эди. Операторга тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб борилган.

Кейинроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари жабрланувчини бориб кўрди ва унга Ҳусановнинг дастхати туширилган футболкани топширди. Футболчи ҳам операторга тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Неймар даволанишда давом этмоқда

Неймарнинг мухлислари ҳали яна кутишига тўғри келади – Бразилия миллий жамоаси 34 ёшли форвард жароҳатидан тикланиш жараёнини давом эттираётгани туфайли Ҳаитига қарши ўйинда қатнаша олмаслигини маълум қилди. Футболчи жамоа билан Филаделфияга йўл олмаган ва Ню Жерсидаги базада қолган.

Неймарнинг ЖЧ учун якуний таркибга киритилгани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди – футболчи сўнгги ойларни кўпроқ майдонда эмас, лазаретда ўтказганди. У ЖЧ биринчи турида Марокашга қарши ўйинни (1:1) ҳам ўтказиб юборганди, шу туфайли унинг ўрнига бошқа футболчини мундиалга олиб кетмаган Карло Анчелоттига саволлар кўпайгандан кўпаймоқда.

Нойер миллий жамоадан кетади

2026 йилги жаҳон чемпионати энг қайғули мундиаллардан бири сифатида тарихда қолади: турнир кўпчилик буюк футболчилар учун охиргиси бўлиб қолмоқда. Кимдир ҳозирча ўз қарорини сир тутмоқда, кимдир эса бу ҳақда расман эълон қилмоқда – масалан, Германия миллий жамоаси посбони Мануэл Нойер.

«Бу менинг Германия миллий жамоасидаги сўнгги турнирим бўлади, икки йилдан кейин Европа чемпионатида иштирок этишни режалаштирмаяпман. Хайрлашиш ва бу сўнгги ўйиним бўлиши ҳақида ўйламасдан, ҳар бир ўйинни интиқлик билан кутишни хоҳлайман», – дея маълум қилди 40 ёшли дарвозабон.

Туҳел фотографлардан норози

Томас Туҳел жаҳон чемпионатини ўта кучли бошлади – инглизлар Хорватияни 4:2 ҳисобида мағлуб этишди. Германиялик мутахассис ўйиндан кейин ўз футболчиларини мақтовларга кўмиб ташлади. ФИФАга эса эътироз билдирди – ўйиндан олдин миллий мадҳия ижро этилаётганида фотомухбирлар унинг қаршисида туриб олиб, кўринишни тўсиб қўйгани унга умуман ёқмади.

«ФИФАдан уларни қаергадир кўчиришни илтимос қиламан. Мадҳия ижро этилаётган пайтда футболчиларни кўра олмасдим... Гарчи бу лаҳзани кутган бўлсам-да. Бу ўзгача оқшом бўлди, лекин мен 50 нафар фотосуратчи туфайли йигитларимни кўра олмадим», – деган Туҳел.

Халқаро футбол федерацияси ҳозирча унинг сўрови бўйича муносабат билдирмади.

Суперкомпютер тахмини

Opta таҳлил портали версиясига кўра, биринчи турдан кейин французлар – 2026 йилги жаҳон чемпионлиги учун асосий фаворитлар бўлиб турибди. Суперкомпютер Диде Дешам жамоаси имкониятларини 15,7 фоизга баҳолаган – бу иккинчи ўринни бўлишиб турган Англия ва Аргентина (12,3 фоиз)никидан бироз юқорироқ. Учинчи ўринда Испания (12,1 фоиз) жойлашган.

Эътиборли томони, турнир стартидан олдин Opta айнан испанларни асосий фаворит сифатида кўраётганди. Аммо испанлар учун биринчи тур муваффақиятсиз кечди ва жамоа Кабо-Вердени мағлуб этолмади (0:0). Франция, Англия ва Аргентина эса турнирни муваффақиятли бошлашди.

19-20 июн кунги ўйинлар

20 июнга ўтар кечаси ва тонгда қуйидаги қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтади:

  • 00.00. D гуруҳи. АҚШ — Австралия
  • 03.00. C гуруҳи. Шотландия — Марокаш
  • 05.30. C гуруҳи. Бразилия — Ҳаити
  • 08.00. D гуруҳи. Туркия — Парагвай
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид