Даҳшатли жароҳат канадаликларнинг ёрқин ғалабасини хиралаштирди
Канада – Қатар 6:0
Голлар: Ларин, 16 (1:0). Дэвид, 29 (2:0). Дэвид, 45+3 (3:0). Салиба, 64 (4:0). Ал-Маннаи, 75 - автогол (5:0). Дэвид, 90+2 (6:0)
Канада: Крепо, Де Фужерол (Олувасейи, 71), Корнелиус (Бомбито, 46), Ларея, Жонстон, Эуштакиу, Коне (Салиба, 56), А. Аҳмад (Шаффелберг, 71), Бюкенен (Сигур, 83), Ларин, Дэвид
Қатар: Абунада, Педру Мигел, Ҳуҳи, Х. Аҳмад, Ал-Оуи, Мадибо, Лайе, Абдулсалом (Фати, 46, Мендес, 87), Афиф (Ал-Ҳусайн, 59), Эдмилсон Жуниор (Ал-Маннаи, 46), Абдурисоқ (Ал-Браке, 40)
Огоҳлантиришлар: Корнелиус, 9 – Фати, 62
Четлатиш: Х. Аҳмад, 33. Мадибо, 51
Канадаликлар жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи турида Қатарни осонлик билан мағлуб этди – 6:0. Ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди: ўтган турда ҳам боснияликлар дарвозасига ягона голни урган Кайл Ларин голлари сонини ошириб олди, Жонатан Дэвид дублни расмийлаштирди. Бундан ташқари, 33-дақиқада Қатар озчилик бўлиб қолди: Ҳомам Аҳмад дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Бюкененга сўнгги умид фолини ишлатган деб топилди ва майдонан четлатилди.
Биринчи бўлимдаёқ ҳисоб йирик кўриниш олди, аммо канадаликлар тўплар нисбатини яхшилаб олиш учун фаоллик билан ҳужум қилишда давом этишди. 51-дақиқада эса ўйинда даҳшатли воқеа рўй берди: қатарликлар ҳимоячиси Ассим Мадибо тўпни олиб қўйишга уриниб, Исмоил Конега оғир жароҳат етказди.

Канадаликлар яримҳимоячиси газонда ётган ҳолда оёғига қаради ва даҳшатга тушиб, қўллари билан юзини ёпди – унинг чап оёғи синиб кетган ва нотабиий кўринишга келганди.


Ўйин шу заҳоти тўхтатилди. Коненинг жамоадошлари дарҳол Мадибони ўраб олишди ва кескин оҳангда эътироз билдира бошлашди. Аммо ҳимоячининг ўзи қилиб қўйган ишидан карахт ҳолатга тушганди. Уни тинчлантириш учун жамоа дарвозабони Маҳмуд Абунада етиб келди.






















