Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қатарликлар чидай олмади ва рақибни «чопиш»га ўйнади
Канадаликлар футболчисининг оёғи синиб кетди. Араблар жамоаси ўйинни 9 киши бўлиб якунлади ва жавобсиз 6 та гол ўтказди.
Даҳшатли жароҳат канадаликларнинг ёрқин ғалабасини хиралаштирди
Канада – Қатар 6:0
Голлар: Ларин, 16 (1:0). Дэвид, 29 (2:0). Дэвид, 45+3 (3:0). Салиба, 64 (4:0). Ал-Маннаи, 75 - автогол (5:0). Дэвид, 90+2 (6:0)
Канада: Крепо, Де Фужерол (Олувасейи, 71), Корнелиус (Бомбито, 46), Ларея, Жонстон, Эуштакиу, Коне (Салиба, 56), А. Аҳмад (Шаффелберг, 71), Бюкенен (Сигур, 83), Ларин, Дэвид
Қатар: Абунада, Педру Мигел, Ҳуҳи, Х. Аҳмад, Ал-Оуи, Мадибо, Лайе, Абдулсалом (Фати, 46, Мендес, 87), Афиф (Ал-Ҳусайн, 59), Эдмилсон Жуниор (Ал-Маннаи, 46), Абдурисоқ (Ал-Браке, 40)
Огоҳлантиришлар: Корнелиус, 9 – Фати, 62
Четлатиш: Х. Аҳмад, 33. Мадибо, 51
Канадаликлар жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи турида Қатарни осонлик билан мағлуб этди – 6:0. Ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди: ўтган турда ҳам боснияликлар дарвозасига ягона голни урган Кайл Ларин голлари сонини ошириб олди, Жонатан Дэвид дублни расмийлаштирди. Бундан ташқари, 33-дақиқада Қатар озчилик бўлиб қолди: Ҳомам Аҳмад дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Бюкененга сўнгги умид фолини ишлатган деб топилди ва майдонан четлатилди.
Биринчи бўлимдаёқ ҳисоб йирик кўриниш олди, аммо канадаликлар тўплар нисбатини яхшилаб олиш учун фаоллик билан ҳужум қилишда давом этишди. 51-дақиқада эса ўйинда даҳшатли воқеа рўй берди: қатарликлар ҳимоячиси Ассим Мадибо тўпни олиб қўйишга уриниб, Исмоил Конега оғир жароҳат етказди.

Канадаликлар яримҳимоячиси газонда ётган ҳолда оёғига қаради ва даҳшатга тушиб, қўллари билан юзини ёпди – унинг чап оёғи синиб кетган ва нотабиий кўринишга келганди.


Ўйин шу заҳоти тўхтатилди. Коненинг жамоадошлари дарҳол Мадибони ўраб олишди ва кескин оҳангда эътироз билдира бошлашди. Аммо ҳимоячининг ўзи қилиб қўйган ишидан карахт ҳолатга тушганди. Уни тинчлантириш учун жамоа дарвозабони Маҳмуд Абунада етиб келди.

Ўйин бош ҳаками Кристиан Гарай аввалига қоидабузарга сариқ карточка кўрсатганди, аммо фол оқибатларини кўрганидан кейин қарорини ўзгартириб, футболчини майдондан четлатди.
Майдонда икки жамоа вакиллари, жумладан, мураббийлар штаби аъзолари ўртасида кичик тўқнашувлар ҳам бўлиб ўтди.

Ўйинда олти дақиқадан кўпроқ тўхталиш юзага келди. Майдонга жонлантириш бригадаси тушиб келди. Тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида каналик футболчилар Коне ва шифокорларни ҳар томондан ўраб туришди.

Коне ҳушини йўқотмаганди. У замбилда майдонни тарк этиш чоғида трибунадагиларга қўл силкитишга ҳам ўзида куч топа олди.

Футболчилар ўзига келиши учун ҳам вақт талаб этилди. Канаданинг айрим футболчилари кўз ёшларини тия олишмаётганди.

Аммо паузадан кейин ўйин давом эттирилди ва гол уришда давом этишди.
Коненинг ўрнини эгаллаган Салиба 64-дақиқада тўртинчи голни урди ва Коненинг футболкасини кўтарган ҳолда голни унга бағишлади.

Канадаликлар бу билан тўхташмади ва Швейцарияга қарши ҳал қилувчи ўйин олдидан голлар нисбатини яхшилаш бўйича ишни давом эттиришди. Тўққиз киши бўлиб қолган осиёликларда эса қаршилик кўрсатиш имконияти йўқ эди. 75-дақиқада Муҳаммад Ал-Маннаи тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборишга уриниб, ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Дэвид ҳет-трик амалга ошириб, турнир тўпурари Лионел Мессига етиб олди.
6:0 – Канада жаҳон чемпионатларидаги илк ғалабасини шундай ҳисобда қўлга киритди ва амалда плей-офф масаласини ҳал қилди: энди мезбонларда ҳам Швейцариядаги каби 4 та очко бор.
Энди ушбу жамоалар 24 июн куни 3-тур доирасида ўзаро куч синашади – амалда икки жамоани ҳам дуранг ҳисоб қониқтиради. Қатар ҳамда Босния ва Ҳерцеговинада биттадан очко бор.