Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунё космодромлари харитаси: ким энг кўп ракета учирмоқда?
2016 йилдан 2026 йил июнигача бўлган даврда АҚШ 754 та, Хитой эса 513 та орбитал учиришни амалга ошириб, жаҳон космик фаолиятининг асосий қисмини ўз қўлига олди. Янги визуализация дунёдаги энг йирик космодромлар ва уларнинг сўнгги ўн йилликдаги фаоллигини намоён қилди.
Таҳлилларга кўра, АҚШ ҳозир ҳам коинот соҳасида мутлақ етакчи ҳисобланади. Мамлакатнинг Флорида штатда жойлашган Кеннеди космик маркази ва Кейп Канаверал ҳарбий-космик станцияси сўнгги ўн йилда жами 499 та учиришни амалга оширган.
Калифорниядаги Ванденберг ҳарбий-космик базаси ҳиссасига эса яна 222 та старт тўғри келади.
Мутахассислар бу ўсишни асосан хусусий космик компаниялар, айниқса Илон Маскнинг SpaceX компанияси фаолияти билан боғламоқда. Компания ракета учиришлар сонини кескин ошириб, АҚШнинг орбитага юк чиқариш имкониятларини янги босқичга олиб чиққан.
Хитой эса 513 та старт билан иккинчи ўринни эгаллади. Мамлакатнинг энг фаол космодроми Цзюцюан бўлиб, у ердан 188 марта ракета учирилган. Сичан космодроми 144 та, Тайюан эса 95 та стартни амалга оширган.
Шу билан бирга, Пекин янги космик инфратузилмани ҳам фаол ривожлантирмоқда. Вэнчан космодромида 45 та, янги Хайнан тижорий космодромида эса 16 та старт амалга оширилган. Бу майдонлар асосан тижорий сунъий йўлдошлар ва келажакдаги Ой дастурларини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.

Россия мазкур даврда жами 192 та космик учиришни амалга оширган. Уларнинг 98 таси Бойқўнғир космодромига, 74 таси Плесецкка ва 20 таси Восточний космодромига тўғри келади.
Дунёдаги бошқа муҳим космик майдонлар қаторида Франция Гвианасидаги Гвиана космик маркази (75 та старт), Янги Зеландиядаги Rocket Lab Launch Complex 1 (72 та старт) ҳамда Япониядаги Танэгасима космик маркази (30 та старт) қайд этилган.
Экспертлар таъкидлашича, замонавий космодромлар нафақат ракета учириш майдонлари, балки алоқа, навигация, Ерни масофадан кузатиш ва ҳарбий космик тизимлар учун муҳим стратегик инфратузилма ҳисобланади.
Бугунги кунда коинот соҳасидаги рақобат тобора АҚШ ва Хитой атрофида шаклланмоқда. Хусусий компаниялар фаоллигининг ортиши эса келажакда космик стартлар сони янада кўпайишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
08:55 / 23.05.2026
Дунёдаги энг йирик ракета яна фазога парвоз қилди
21:32 / 20.05.2026
Туркия қитъалараро ракетасини кўз-кўз қилди. Яна қайси давлатлар бундай қурилмага эга?
08:40 / 13.05.2026
Эроннинг 70 фоиз ракета арсенали сақланиб қолган — NYT
09:51 / 06.05.2026