Жамият | 18:35
1723
3 дақиқада ўқилади

Наманганда шундай онахон бор: у 75 ёшида “права”ли бўлди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи 75 ёшли Зоҳида Каримова назарий ва амалий имтиҳонларни биринчи уринишда муваффақиятли топширди ва шу ёшида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди.

“Энди менда ҳам “права” бор. Яқинда янги машина сотиб олмоқчиман”, – дейди онахон хурсандчилигини яшира олмай.

Зоҳида Каримова ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга қачон қарор қилгани ҳақида айтиб берди:

“Ўтган йили иш билан Тошкентга бордим. Таксига чиқай деб қўлимни кўтарсам менга ўхшаган ёши улуғ аёл келиб тўхтади. Ҳайдовчи аёл 86 ёшда экан. Унинг шу ёшда ҳам ҳеч бир қийинчиликларсиз машина бошқарганини кўриб ҳавасим келди. Мен ҳам “права” оламан деб ният қилдим ўзимча. Мана, ниятимга етиб турибман. Тўрақўрғон тумани Ватанпарвар ташкилотида ўқиб бир уринишда “права”ли ҳам бўлдим.

Мана “права”ни олдик. Режа “минимум” бажарилди, энди орзунинг “максимум”ини бажарамиз. Бу нима дегани? Худо хоҳласа, янги машина олишни ният қилиб қўйдим, умид қиляпман. Ҳар доим Аллоҳим ниятларимга етказган, албатта бунга ҳам етаман деб ният қиламан, Аллоҳдан сўрайман.

Ҳаракат қилсангиз, астойдил интилсангиз одам қилган иш экан, бўлаверар экан. Мана бир мартада ҳам амалий, ҳам назарий имтиҳондан муваффақиятли ўтдим. Ҳамма ҳайрон қолиб, қойил онахон дейишяпти. Инсон тирик экан яшаш керак, бор имкониятлардан фойдаланиш керак.

Бир уринишдаёқ имтиҳондан ўтганимни кўрган “права” ололмай юрган болалар ҳайрон бўлишяпти. “Энди биз ҳам астойдил ҳаракат қиламиз, сиз олганда, биз ҳам “права”оламиз” деб ҳаракатга тушиб қолишди.

1969 йилда мактабни битириб Наманган Давлат Университетининг Математика факултетига ўқишга кирганман. 38 йил маориф соҳасида ишладим. Турмуш ўртоғим вафот этиб кетганлар, икки нафар фарзандим бор. Агар турмуш ўртоғим бўлганларида эди ёнимдаги ўриндиққа ўтқазиб олиб шаҳар айлантириб юрган бўлар эдим”, – дейди 75 ёшида ҳайдовчилик гувоҳномаси олган Зоҳида Каримова.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид