Жаҳон | 09:02
2056
4 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Трампга босим ўтказиши мумкин — АҚШ разведкаси

АҚШ разведкаси президент Доналд Трамп маъмуриятини Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вашингтон ва Теҳрон ўртасида тайёрланаётган узоқ муддатли келишувга тўсқинлик қилишга уриниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда The Washington Post нашри амалдаги ва собиқ америкалик расмийларга таяниб хабар берди.

Фото: AP

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ махсус хизматлари тайёрлаган таҳлилда Исроил раҳбарияти Эрон билан боғлиқ келишув шартларидан норози экани қайд этилган. Разведка баҳосига кўра, Исроил Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши ҳарбий амалиётларни давом эттириш ниятида. Бу эса Теҳроннинг Вашингтон билан кейинги музокараларни давом эттириш учун қўяётган асосий талабларидан бирига зид ҳисобланади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Исроилнинг норозилигига бир неча омил сабаб бўлмоқда. Аввало, мамлакат расмийлари 17 июн куни АҚШ ва Эрон ўртасида имзоланган англашув меморандуми Теҳронга нисбатан қўлланаётган “максимал босим” сиёсатини юмшатиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, Тел-Авив бу келишув мамлакатнинг “Ҳизбуллоҳ” таҳдидига қарши ҳаракат қилиш имкониятларини чеклаб қўйишидан хавотирда.

Бундан ташқари, Нетаняҳу учун ички сиёсий омил ҳам муҳим аҳамиятга эга. У 2026 йил кузида бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарлик кўрмоқда. WP келтирган маълумотларга кўра, Исроил Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институтининг май ойидаги сўровида мамлакатдаги яҳудий аҳолининг 70 фоизи “Ҳизбуллоҳ”га қарши курашни кучайтириш тарафдори эканини билдирган. Шу сабабли ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ёки Исроил армиясининг Ливан жанубидан чиқиб кетиши сайловчилар томонидан Нетаняҳунинг мағлубияти сифатида қабул қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, CNN телеканали манбаларига кўра, Нетаняҳу АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий келишувга қарши позициясини илгари суриш учун Трампга сиёсий босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Манбанинг таъкидлашича, Исроил бош вазири Эрон ўзининг ядровий дастури бўйича жиддий чекловларга рози бўлмайди, деб ҳисоблайди ва шу сабабли якуний келишувга ишонмайди.

CNN маълумотларига кўра, Нетаняҳу ўз нуқтаи назарини Вашингтонга етказиш учун ўнг блогерлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда Исроилни қўллаб-қувватловчи америкалик сенаторлар ёрдамидан фойдаланмоқчи.

Айни пайтда Reuters агентлиги ва Sky News манбалари Исроил ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ўртасида 19 июн куни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бироқ Reuters манбасига кўра, Исроил армияси Ливаннинг жанубий ҳудудларида қолади. Шу билан бир вақтда Бейрут расмийлари ЦАҲАЛ тинчлик режими кучга кирганидан кейин ҳам зарбалар берганини иддао қилган, аммо Исроил бу маълумотни тасдиқламаган.

Ливанда барқарор тинчлик ўрнатилиши Эрон учун музокараларни давом эттиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Бу талаб АҚШ ва Эрон ўртасида имзоланган меморандумнинг муҳим бандларидан бири бўлиб, ҳужжатга мувофиқ, томонлар 60 кун давомида кенг қамровли тинчлик келишувини ишлаб чиқиши керак.

Шунга қарамай, меморандум имзоланганидан кейин ҳам Ливанда қуролли тўқнашувлар давом этган. Натижада 19 июн куни Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилган АҚШ ва Эрон делегациялари учрашуви кейинроққа қолдирилгани маълум бўлди.

Эроннинг Tasnim агентлиги хабар беришича, Теҳрон музокараларнинг кейинги босқичига ўтишдан аввал Вашингтон томонидан меморандум шартлари бажарила бошланганини кўришни истамоқда. Доналд Трамп эса музокаралар кечиктирилганига муносабат билдириб, АҚШ музокаралар жараёнини ўз шартлари асосида олиб боришини ва Эронга молиявий имтиёзлар беришга шошилмаслигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид