Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Полшанинг энг олий орденидан маҳрум этилди
Полша президенти Карол Навроцкий Украина раҳбари Володимир Зеленскийни мамлакатнинг энг юқори давлат мукофоти — “Оқ бургут” орденидан маҳрум қилди. Бу қарор Зеленский томонидан Украина Қуролли кучларининг бир бўлинмасига “УПА қаҳрамонлари” номининг берилиши билан изоҳланмоқда.
Полша президенти матбуот хизмати маълум қилишича, мазкур қарор Украина халқига қарши қаратилмаган ва Варшаванинг Киевни қўллаб-қувватлаш сиёсати ўзгарганини англатмайди.
“Биз Украинани қўллаб-қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Чунки Россия тажовузи Полша ва бутун Европа хавфсизлиги учун таҳдид солади. Бироқ Полша–Украина муносабатларида босиб ўтиб бўлмайдиган чегаралар ҳам мавжуд”, — деди Навроцкий.
Унинг таъкидлашича, мукофотни бекор қилиш рамзий қадам эмас, балки Варшаванинг тарихий хотира ва миллий қадриятлар масаласидаги қатъий позициясини ифода этади.
Полша раҳбари мамлакат ҳукумати ўз фуқаролари хотирасини ҳимоя қилишда давом этишини билдириб, “тинч аҳолини ўлдирган шахсларни қаҳрамонлаштириш”ни қабул қилмаслигини айтди. Шунингдек, у тарихнинг мураккаб саҳифаларига холис баҳо беришга тайёр бўлмаган давлатларнинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши эканини таъкидлади.
Мазкур қарорга муносабат билдирган Полша бош вазири Доналд Туск эса томонларни вазминликка чақирди. Унинг фикрича, Варшава ва Киев ўртасидаги қарама-қаршилик Россия манфаатларига хизмат қилади.
“Полша ва Украина ўртасидаги низо Путинни хурсанд қилади ва бизнинг иттифоқчиларимизни ҳайратга солади. Президентлар Зеленский ва Навроцкийнинг вазифаси зиддиятни кучайтириш эмас, балки жамоатчилик кайфиятини тинчлантиришдир”, — деб ёзди Туск ижтимоий тармоқда.
Орадан бир неча соат ўтиб, Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ҳам жавоб қадамини ташлади. У 2022 йилда Полша томонидан берилган “Полша олдидаги хизматлари учун” орденининг Командор крести билан юлдузини қайтаришини маълум қилди.
Сибиха Полша президенти қарорини “стратегик хато” деб баҳолаб, бундай ҳаракатлардан фақат Москва манфаатдор бўлишини таъкидлади.
“Масала орденларда эмас, муносабатда. Биз доимо ўзаро ҳурмат тамойили тарафдори бўлиб келганмиз, ҳатто энг мураккаб мавзулар муҳокама қилинганда ҳам”, — деди Украина ташқи ишлар вазири.
Володимир Зеленский 2026 йил 26 май куни Украина Қуролли кучларининг махсус бўлинмаларидан бирига “УПА қаҳрамонлари” номини берган эди. Бу қарор “миллий армиянинг тарихий анъаналарини тиклаш” билан изоҳланган.
Мазкур қарор Полшада кескин танқидларга сабаб бўлди. Чунки Варшава Украин қўзғолончилар армияси (УПА)ни 1943–1945 йилларда Волин ҳудудида ўн минглаб полякларнинг қирғин қилинишида айблаб келади.
Украина эса УПАни мамлакат мустақиллиги учун ҳам Совет Иттифоқи, ҳам нацистлар Германиясига қарши курашган миллий озодлик ҳаракати сифатида баҳолайди. Киев расмийларига кўра, “УПА қаҳрамонлари” номи Полшага қарши эмас, балки Россиянинг империявий сиёсатига қарши кураш рамзи сифатида қабул қилиниши лозим.
Кузатувчилар фикрича, мазкур воқеа сўнгги ойларда Полша ва Украина ўртасида тарихий масалалар атрофида кучайиб бораётган келишмовчиликларнинг яна бир кўриниши бўлди.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
14:46 / 18.06.2026
Москва яна зарба остида. Украина мингга яқин дрон учирган
22:31 / 16.06.2026
Зеленский Россияга «даҳшатли қиш» билан таҳдид қилди
10:45 / 16.06.2026