Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда ёғоч омборида ёнғин содир бўлди
Андижон вилоятининг Андижон туманида жойлашган ёғоч омборида ёнғин чиқди. Ҳодиса оқибатида омборнинг бир қисми ва унда сақланган ёғоч материаллари ёнган, жабрланганлар йўқ.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 21 июн куни соат 20:10 да «112» тизими орқали Андижон вилояти ФВБга Андижон туманидаги «Март» маҳалла фуқаролар йиғини, Обод йўли кўчасида жойлашган ёғоч омборида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг ҳодиса жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Қутқарувчилар соат 20:18 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 20:55 да қуршаб олиниб, соат 21:55 да тўлиқ бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида омборнинг тахминан 250 квадрат метр майдондаги том қисми, шифт конструкциялари, ички ҳудуди ҳамда ёғоч маҳсулотлари ёниб зарарланган.
ФВВ маълум қилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Воқеа жойида вилоят ФВБ раҳбарияти, соҳа ходимлари ҳамда тегишли ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган.