Жаҳон | 13:28
1444
5 дақиқада ўқилади

АҚШ–Эрон сулҳи: ким нимага эришди?

Яқин Шарқда уч ярим ой давом этган уруш меморандум имзоланиши билан якунланди. Якунда аксарият таҳлилчилар АҚШ ва Исроил стратегик мақсадларига эриша олмаганини айтмоқда. Эрон жиддий талафот кўрганига қарамай, аксарият жабҳаларда позицияларини сақлаб қола олди.

Сиёсий таҳлилчилар мавзу юзасидан Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида ўз фикрларини билдириб ўтишди.

АҚШ ва Исроил Эронга қарши урушни нима мақсадда бошлаганди ва якунда буларнинг қанчасига эришди?

Ойбек Сирожов: АҚШ ва Исроил ушбу урушда кўзлаган асосий мақсадларининг аксариятига эриша олмади. Биринчи ва энг муҳим мақсад – Эронда Ғарб, хусусан АҚШ манфаатларига яқин ёки унинг сиёсий таъсир доирасида фаолият юритадиган ҳукумат шаклланишига эришиш эди. Уруш оқибатида Эрон жамияти ичида кескин норозилик кучайиши, сиёсий раҳбарият заифлашиши ва бунинг натижасида ҳокимият алмашиши кутилган эди. Бироқ бу сценарий амалга ошмади.

Иккинчи мақсад – нефт бозори устидан таъсирни кучайтириш ва глобал нархларни назорат қилиш билан боғлиқ эди. Бу борада ҳам АҚШ кутилган натижага эриша олмади.

Уруш давомида президент Трамп “Эрон энди ҳеч қачон ядро қуролига эга бўла олмайди”, деган баёнот билан буни ўзининг муҳим ютуғи сифатида кўрсатишга уринди. Аммо бу масала ҳануз очиқлигича қолмоқда. Аслида ҳозиргача Эрон ядро қуроли яратишга интилмаётганини айтиб келади. Аксинча, ислом республикаси раҳбари Али Хоминаий ядро қуролини ишлаб чиқиш ва унга эгалик қилиш ислом нуқтайи назаридан ҳаром экани ҳақида фатво чиқарган.

Албатта, Эроннинг уранни 60 фоизгача бойитгани халқаро ҳамжамиятда турли саволларни юзага келтирмоқда. Бироқ Теҳрон буни илмий тадқиқотлар, тиббиёт ва атом энергетикаси эҳтиёжлари билан изоҳлайди. Шу боис бу масала ҳануз халқаро экспертлар ўртасида баҳсли мавзу бўлиб қолмоқда.

Яна бир муҳим масала – Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазиятдир. Бу – халқаро савдо йўлаклари ва стратегик бўғозлар устидан назорат масаласини янада долзарб қилмоқда. Натижада бошқа давлатлар ҳам шундай транспорт йўлакларида ўз манфаатларини фаолроқ илгари суришга интилиши мумкин.

Шу билан бирга, уруш Эрон учун жуда катта иқтисодий ва инфратузилмавий зарар келтирди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат ҳудудига 20 мингдан ортиқ зарба берилган. Натижада инфратузилма, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага жиддий талафот етди. Бу зарарнинг оқибатлари яқин йилларда ҳам сезилиши эҳтимолдан холи эмас.

Шуҳрат Расул: Бироқ бу ерда “АҚШ ўз олдига қўйган мақсадларнинг бирортасига ҳам эриша олмади”, деган хулосага келиш ҳам тўғри бўлмайди. Чунки уруш бошланишидан аввал Масқатда ўтказилган музокараларда АҚШнинг асосий талаби Эроннинг ядро дастурини чеклаш ва уранни қурол даражасида бойитишни тўхтатиш эди. Меморандумда айнан шу масалалар ўз аксини топган.

Хусусан, ҳужжатнинг 10-бандида Эрон ядровий фаолиятининг АЭХА назорати остида бўлиши алоҳида белгиланган. Айнан шу жиҳатга таянган ҳолда президент Трамп ўзини ғолиб сифатида кўрсатмоқда. У ички сиёсатда, жумладан ноябр ойидаги оралиқ сайловлар олдидан, “Эронни ядро қуролидан воз кечишга мажбур қилдим”, деган тезисни илгари суриши табиий.

Шунга қарамай, АҚШ барча стратегик мақсадларига эришди, дейиш ҳам нотўғри. Асосий мақсадлардан бири Эронда сиёсий ҳокимиятни алмаштириш ва Ғарб манфаатларига яқин ҳукуматни шакллантириш эди. Бу режа амалга ошмади. Баъзи таҳлилчилар бу сценарийни Венесуэла тажрибаси билан қиёслайди. Бироқ Эронда бундай модел ишламади. Мамлакат суверенитетини сақлаб қолди ва ташқи босим орқали сиёсий тизимни ўзгартиришнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, меморандумда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эрон иқтисодиётини тиклаш учун 300 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатиши қайд этилган. Бироқ бу маблағнинг қандай шаклда, қайси давлатлар томонидан ва қандай механизм асосида ажратилиши ҳозирча очиқ қолмоқда. Шу боис бу банднинг амалий ижроси ҳақида аниқ хулоса қилишга ҳали эрта.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Эрон раҳбарияти уруш давомида жуда оғир йўқотишларга дуч келди. Юқори мартабали ҳарбий ва сиёсий амалдорлар, уларнинг айрим оила аъзолари ҳалок бўлди. Шунга қарамай, Теҳрон кескин эскалацияни давом эттириш ўрнига, муроса йўлини танлади. Бу, аввало, мамлакат манфаатларини ва узоқ йиллардан бери санкциялар остида қолаётган иқтисодиётни ҳисобга олган прагматик қарор эди.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Тайёрлаган Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид