Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ, Эрон ва Ливан иштирокида махсус тартибга солиш гуруҳи тузилади
АҚШ ва Эрон Ҳўрмуз бўғозида юзага келиши мумкин бўлган ҳодисалар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида махсус алоқа каналини ташкил этишга келишиб олди. Бу ҳақда Швейцарияда бўлиб ўтган навбатдаги музокаралар якунида воситачи давлатлардан бири бўлган Қатар Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик баёнотига кўра, ўзаро англашув меморандумида белгиланган муддат давомида томонлар ўртасида доимий мулоқот механизми ишга туширилади. Ушбу алоқа канали Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланувчи савдо кемаларининг хавфсиз қатновини таъминлаш ва ҳар қандай можароли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, музокаралар жараёнини назорат қилувчи юқори даражадаги қўмита АҚШ ва Эрон ўртасида якуний келишувга эришиш бўйича 60 кунлик «йўл харитаси»ни тасдиқлади. Бу эса техник музокараларни зудлик билан давом эттириш учун асос яратди.
Томонлар яна бир муҳим қарор қабул қилиб, АҚШ, Эрон ва Ливан вакилларидан иборат махсус тартибга солиш гуруҳини ташкил этишга келишиб олди. Ушбу гуруҳ воситачилар кўмагида Ливанда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича меморандум шартларининг бажарилишини таъминлаш билан шуғулланади.
Қатар ТИВ маълум қилишича, барча техник музокаралар ҳафта охирига қадар Швейцариянинг Люцерн шаҳри яқинидаги Бюргеншток курортида давом этади.
Қатар ва Покистон расмийлари Вашингтон ҳамда Теҳроннинг дипломатик мулоқот ва можарони тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилишини юқори баҳолади. Шу билан бирга, музокараларни қўллаб-қувватлаган бошқа давлатларга ҳам миннатдорлик билдирилди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар ижобий ва конструктив руҳда ўтганини таъкидлаб, томонлар ўртасида сезиларли тараққиётга эришилганини маълум қилди.
Келишувга мувофиқ, бош музокарачилар юқори даражадаги қўмитага мунтазам ҳисобот бериб боради. Шунингдек, улар ядровий дастур, санкциялар, мониторинг ва баҳсларни ҳал этиш масалалари бўйича ишчи гуруҳларга раҳбарлик қилади.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи эришилган келишувларни ижтимоий тармоқда «Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш йўлидаги катта ютуқ» деб баҳолади.
Музокаралар арафасида Теҳрон Исроилнинг Ливандаги ҳарбий операциялари давом этаётгани сабабли Ҳўрмуз бўғози яна ёпилганини эълон қилган эди. Эрон Қуролли кучлари қўшма қўмондонлиги АҚШ ўз мажбуриятларини бажармагани ва урушни тўхтатмагани учун мазкур қарор қабул қилинганини билдирган.
15 июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Эрон президенти Масъуд Пезешкиён апрел ойида эълон қилинган сулҳни узайтиришни назарда тутувчи ҳадли келишувни имзолаган эди. Ҳужжатда Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш ва кейинги музокараларни 60 кун ичида якунлаш вазифаси белгиланган.
Мавзуга оид
10:00
Трамп қўллаган номзод Колумбия сайловида етакчилик қилмоқда
09:28
АҚШ ва Эрон музокараларнинг биринчи раунди якунланди. Нималар маълум?
22:10 / 21.06.2026
Эрон Трамп таҳдидларидан сўнг музокараларни давом эттиришдан бош тортди
09:32 / 20.06.2026