Ўзбекистон | 21:08 / 22.06.2026
2607
2 дақиқада ўқилади

Жамиятимизда қонунсизлик ва коррупцияга асло ўрин қолмаслиги шарт - Саида Мирзиёева

Саида Мирзиёева Олий суднинг янги раисини қутлади.

Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

«Бугун Олий суднинг янги раиси Робахон Анваровна Махмудова судьялар ҳамжамияти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига таништирилди.

Президентимиз одамлар учун энг муҳим қадриятлардан бири — адолат эканини кўп бор таъкидлаганлар. Жамиятимизда қонунсизлик ва коррупцияга асло ўрин қолмаслиги шарт. Зеро, ривожланиш ва фаровонликка қаратилган ҳар қандай ислоҳот фақат мустақил суднинг ишончли ҳимоясидагина чинакам кучга эга бўлади.

Ҳозирда Тошкент халқаро молия марказида Англия ҳуқуқига асосланган суд тизимини шакллантиряпмиз. Амалдаги судларимиз ҳам ана шундай янги тажрибаларга очиқ бўлиши, дунёнинг илғор намуналарини ўз фаолиятида дадил жорий қилиши жуда муҳимдир.

Тизим алоҳида шахсларга боғланиб қолмасдан, кадрлар алмашинувидан қатъи назар, соат механизми каби аниқ ва узлуксиз ишлаши керак. Ҳар бир судья шарафи ва шаънини юксак даражада сақлаган ҳолда эгнидаги мантиясига муносиб бўлиши лозим.

Робахон Анваровнага мустаҳкам ирода ҳамда доимо оқилона, ҳалол ва адолатли қарорлар қабул қилишида улкан муваффақиятлар тилайман!», деб ёзди Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид