Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фермерларни ҳақоратлаган Музработ ҳокими ҳайфсан олди
Абдулла Маматқулов ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерларни қўпол ҳақоратлаб, ҳатто онасидан сўккани ўз тасдиғини топди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, ҳокимга ҳайфсан интизомий жазоси берилган.
Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари учун интизомий жазога тортилди.
Kun.uz 16 июн куни Маматқуловга тегишли экани айтилган аудиони эълон қилган эди. Аудиода ҳоким экани айтилаётган шахс давлатга ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерларни ҳақоратлаётганини эшитиш мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 23 июн кунги баёноти билан ҳолатни расман тасдиқлади.
Агентлик давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида, Сурхондарё вилояти ҳокимлигига хизмат текшируви ўтказиш ва ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритган.
Тақдимнома натижаларига кўра, Музработ тумани ҳокими А.Маматқуловга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланган.
Kun.uz'даги маълумотларга кўра, воқеа 15 июн куни ҳокимнинг хизмат хонасида рўй берган. Абдулла Маматқулов ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерларни хонасига тўплаб, уларни бирма-бир ҳақоратлаб чиққан.
У гап орасида: “Нега сен учун мен гап эшитишим керак?” дегани – ўз навбатида ҳокимнинг ўзи ҳам ғалла режаси масаласида юқоридан дашном эшитаётганига ишора қилади.
- Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳақорат учун БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача жарима жазоси назарда тутилган.
- Абдулла Маматқулов Музработ ҳокими лавозимига 2025 йил май ойида тайинланган. У бундан олдин асосан сув таъминоти тизимида масъул лавозимларда ишлаган; бир муддат Бандихон тумани ҳокими ўринбосари бўлган.
Мавзуга оид
18:32
Катта порахўрлар муддатининг охиригача “ўтиради”
13:08
Ўзбекистонда коррупционерлар реестри ниҳоят жорий этилмоқда
11:46 / 19.06.2026
Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш учун 150 млн доллар ажратади
18:20 / 17.06.2026